26 ноябрь куни Тошкентдаги «Тошкент савдо маркази»да (собиқ «Туркуаз») MMA жангчиси Мурод Хонтўраевнинг офисига ҳужум қилингани акс этган видеокамера ёзувлари пайдо бўлди, деб ёзади Repost.

Кадр: Mover

Мурод Хонтўраев (1987 йилда туғилган, муқаддам судланган) 26 ноябрда «Тошкент савдо маркази» (собиқ «Туркуаз»)да жойлашган офисида танишлари — Анвар Раҳимов (1984 йилда туғилган, муқаддам судланган) ва Икром Саидов (1988 йилда туғилган, муқаддам судланган) билан бирга ўтирган вақти 10 киши қора рангли махсус кийимда, юзларига ниқоб таққан ҳолда кириб келиб, «Ерга ёт!» деб буйруқ берган.

Хонтўраев ҳам, унинг ёнида ўтирганлар ҳам «давлат идораси ходимлари келган» деб ўйлаб, ерга ётган. Шундан сўнг номаълум шахслар ўзлари билан олиб келган ўткир тиғли жисмлар, темир (арматура) бўлаклари, резина таёқ (дубинка)лар ва пневматик ўқотар қуроллардан фойдаланиб, Хонтўраев ва Саидовни уриб, тан жароҳати етказиб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Воқеа юзасидан ички ишлар органлари томонидан тайёрланган ва сурати интернетда тарқалган маълумотномага кўра, Хонтўраев «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош ўнг тепа соҳаси эзилиб ёрилган жароҳати, ўнг сон, думба соҳаси кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари (9 та), иккала кўкрак усти соҳаси сидирилган жароҳати, чап тирсак соҳаси кесилган жароҳат» ташхиси билан 1-шаҳар касалхонасига ётқизилган.

Спортчига ҳужум қилган шахслар ҳали аниқланганича йўқ; ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари («бир гуруҳ шахслар томонидан совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) қўллаб безорилик содир этиш») билан жиноят иши қўзғатилган (бу модда бўйича айбдор деб топилганлар уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин).

Эслатиб ўтамиз, Мурод Хонтўраев жорий йилнинг 21 июнига ўтар кечаси Юнусободдаги тунги клубда рўй берган можаро иштирокчиси бўлган, у кўкрак қисмига пичоқ билан берилган зарбадан жароҳат олганди. Кейинроқ шифохонадан ҳуқуқ-тартибот органларига сўроқ бериш учун олиб кетилган, суд ҳукми билан қамоққа олинганди.

Суд уни Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди («такроран ёки хавфли рецидивист томонидан безорилик содир этилиши») бўйича айбдор деб топган («Осиё айиғи» лақаби билан машҳур Мурод Хонтўраев илгари ҳам судланган).

Аввалига унга 3 йиллик қамоқ жазоси хавф солаётганди. 12 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида Мурод Хонтўраевга жарима тарзидаги жазони қўллади. Спортчи энг кам иш ҳақининг 94 баравари миқдорида жарима (16 190 560 сўм) тўлаб, озодликка чиқди.