Барак Обаманинг рафиқаси Мишель Обама томонидан ёзилган «Шаклланиш» автобиографик асари 2018 йилда АҚШда энг кўп сотилган китоб бўлди. Бу ҳақда Penguin Random House нашриётига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Hollywood Reporter

Маълум бўлишича, қаттиқ муқовадаги китоблар ичида Мишель Обаманинг автобиографик асари энг кўп сотилган. Бугунга келиб Канада ва АҚШда китобнинг 2 миллиондан ортиқ нусхаси сотилган.

Қайд этилишича, Мишель Обама асари New York Times газетасининг энг кўп сотилган китоблар рўйхатида икки ҳафтадан бери пешқадамлик қилмоқда. Бундан ташқари, асар USA Today ҳамда Publishers Weekly нашрларинг китоблар рейтингида ҳам биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Мишель Обаманинг китоби унинг болалиги ва ўсмирлик пайтлари ҳамда у АҚШ биринчи хоними бўлган пайтдаги (2009—2017 йиллар) хотиралари ҳақида ёзилган.

Бир йил аввал Мишель ва Барак Обама 60 миллион доллар аванс пули эвазига автобиографик китоб ёзиши бўйича шартнома имзолагани хабар қилинган эди.