«Ўзавтосаноат» АЖ ва PSA Groupe (Франция) компанияси Жиззах вилоятида автомобиль заводини қуриш лойиҳаси қайта кўриб чиқилишини эълон қилди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» хабарида айтилади.

Фото: «Podrobno.uz»

Компаниялар ўртасидаги қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги келишувга мувофиқ Жиззах вилоятида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа йўловчилар ва юкларни ташишга мўлжалланган икки турдаги енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни кўзда тутади.

Ҳозирда объектда қурилиш-монтаж ишлари якунига етмоқда. Технологик ва муҳандислик жиҳозлари етказиб берилиши бўйича тегишли контрактлар тузилган.

Шу билан бирга, бошланғич маълумотлардаги баъзи кўзда тутилмаган ўзгаришлар муносабати билан, шериклар лойиҳа концепциясини ўзгартириш ва иқтисодий параметрларни оптималлаштириш устида ҳамкорликда ишламоқдалар.

Лойиҳанинг келгуси бориши ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади.