19:02, 22.01.2019 // 59384

«Фермер ҳокимни урганда нима бўларди?» Ҳафта ижтимоий муаммолари

«Дарё» колумнисти янги рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Фото: Google Photos

Яраштиришга яраша ишми?

Қозининг ҳузурига Афанди келиб:

- Қози жаноблари, сизнинг сигирингиз менинг томорқамни пайҳон қилибди, — деса, қозибува томоқ қирганча:

- Ҳайвон тилсиз, онгсиз бир мавжудот. Унинг қилмишига эгаси ҳаргиз жавобгар бўлмас, — деб лутф қилибди.

Афанди бир оз тутилган бўлиб, бошига шап этказиб урибди-да:

- Ана холос, хотирам қурсин, ҳазрат, бироз адашибман. Асли менинг сигирим сизнинг томорқангизни пайҳон қилибди. Бунинг ҳукми қандоқ бўлур? — деса, қозибува:

- Ҳа, ундоқ бўлса, анави катта китобни узатиб юбор, — деган экан.

Фото: «Xabar.uz»

Ўтган ҳафтада рўй берган олотлик фермер воқеасини эшитгач, хаёлимга дастлаб шу ривоят келди. Туманнинг муштумзўр ҳокими фермер йигитнинг оғиз-бурнини қонга бўяб уриб, «баннисабоп» қилиб ташлаган бўлса-ю, зўравонлик ими-жимида бости-бости қилинаверса. Исковуч сайтлар дунёга жар солмаганда қўл синиғи енг ичида, бош ёриғи дўппининг тагида қолиб кетиши аниқ эди. Дарвоқе, яраштирувчи ролида чиққан вилоят ҳокимига икки оғиз саволимиз бор:

  • Эртага қайсидир ҳоким яна фермерни урса, қонуний чора кўрилишига бош-қош бўласизми ёки яраштиришга?
  • Борди-ю, фермер ҳокимни уриб, бошини ёрса ҳам яраштириб қўясизми?

Ёрилгин, тош ёрилгин

Facebook ва Youtube сайтлари тўсилган тош девор ўтган ҳафта эзиб ёққан ёмғир натижасида ивиб қулаб тушди ва мусаффо осмондан ярим кун нигоҳ узиб бошқа осмонларга тикилишга муяссар бўлдик. Бошқа осмонлар ҳам мусаффо экан. Гарчи девор дарҳол тикланган бўлса-да, бир ҳақиқатни билиб қолдик: Facebook ва Youtube’нинг бир кунлик тўсилиши Ўзбекистон иқтисодиётига 32 миллион доллар зиён етказади.

Афтидан, бу ҳақиқат ҳамма учун кутилмаган янгилик бўлганидан Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги ҳушини йиғиб, дарҳол Facebook маъмурияти билан алоқа ўрнатишда ёрдам сўраб Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Ҳа, vpn бўлмаса, ҳатто вазирликдагилар ҳам Facebook билан боғланолмайди. Ташқи ишлар вазирлиги «гаплашиб берса» ва масъулларимиз Facebook очилмаётганлигидан Цукербергга шикоят қилса, Маркнинг ҳолатини тасаввур қиляпман. Ҳазилни ҳам қотирасизлар-да, деса керак.

Фото: Facebook

Аммо Facebook ва Youtube очилиши шарт. Беш кун давомида, ҳозирча, 160 миллион доллар «ухлади». Бу пулга Dreamliner’нинг моторини тўла таъмирлаш мумкин ахир.

Оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа фарғоналикмиди?

Келинг, эски хабарларни шарҳлашни тўхтатиб, яп-янги хабар берсак. Шу кунларда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги марказий кўчаларидан бирини ободонлаштиришяпти. Ростини айтсак, ҳокимиятнинг кўчасида торлигидан ёнма-ён юрган машиналар сиқилиб қолади. Аммо йўл четидаги дарахтларни кесамизми-йўқми — ҳамма гап шунда. Воқеалар хроникаси бундоқ:

Январнинг бошида шаҳар ҳокимлиги йўлни торайтиришни ва дарахтларга асло озор етказмасликни буюрди. Ижрочилар хўп деди.

Икки кун ўтгач, вилоят ҳокимлиги кўча йўл стандартига сира тўғри келмаслигини уқтириб, икки метрга кенгайтиришни буюрди. Бунга ҳам ижрочилар хўп дейишди. Дарахтлар кесилди.

Яна икки кун ўтгач, шаҳар ҳокимлиги дарахтларга қўл теккизган одамни «наказат» қилишини билдирди.

Фото: Telegram

Уч кун ўтгач, вилоят ҳокимлиги «йўлни кенгайтир, дарахтниям кес» деди (тўғри-да, дарахтни кесмай йўлни кенгайтириб бўларканми?). Аммо икки фаза туташиб учқун чиқмаслиги учун иш тўхтатилди. Бу орада чопилган дарахтлар расми Telegram’да тарқади.

Пауза.

20 январь куни воқеага вилоят экологияси аралашиб, лойиҳа майдонидаги дарахтлар ўрнини қизил чизиқ билан чизиб қўйишни буюрди.

Уч кун ўтмай шаҳар ҳокимлиги дарахт кесганни тутиб дарҳол жазолашни амр қилди. Айтишларича, Қўқонда аррачилар бригадаси ҳозир прокуратуранинг кўзига кўринмай пана-пастқамда писиб юрганмиш.

Вилоятларни кезсанг, шундай ажойиб томошалар гувоҳи бўласан.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.

Энг кўп ўқилган

Қидирув