Ўтган ҳафтанинг долзарб мавзулари шарҳида Юсуфбек ҳожи нима қилиб юрибди деган савол туғилгандир. Келинг бошидан бошлаймиз.

Фото: «Ekolog.uz»

Ўтган ҳафтада кўпчиликнинг диққатини тортган ҳодиса Ўзбекистонда Экологик партия расман рўйхатга олингани бўлди. Янги сиёсий партияга омад! Аммо бу янгиликка аксарият интернетчилар кулги аралаш муносабатда бўлди. Марҳамат, таниқли сайтлардаги хабарга босилган «хохолайк»ларни санаб чиқинг.

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Скрин: «Дарё»

Мен санадим: қарийб учдан бири кулги смайлигидан иборат. Тавба, одамлар янги партия очилганидан севинчини кулги билан ифодаладими? Ёки юртимизда партиялар сони ўсишини халқ овози баландлашувига йўйиб қувончи ичига сиғмай кулиб юборяптими? Саволимга Абдулла Қодирий жавоб берди. Юсуфбек ҳожига айтилган гап агар маъқул тушса «хўб» дейди, номаъқул бўлса «дуруст эмас» дейди ва яна бир турдаги гап айтилган бўлса, бир илжайиб қўяди. Хўш, қандай гапга илжайиб қўяди дейсизми? Марҳамат, «Ўтган кунлар»ни ўқинг.

Янги партияга келсак, унинг фаолияти энди бошланмоқда. Бошлаб олсин, ишласин, кейин асл баҳосини берамиз. Ҳозир кулишга ҳам, танқидга ҳам эрта.

Янги автоматлаштирилган ускуналарни ўрганишсин

Юртимизнинг ишлаб чиқариш корхоналарида ўнлаб эски мутахассислар ўралашиб юради. Улар 70–80-йилларнинг станокларини усталик билан бошқарган, аммо бугунги компьютерлашган асбоб-ускуналарга мослаша олмаяпти. Ёшлариям 60-70 ни қоралади. Очиғини айтганда, улардан корхонага катта фойда йўқ. Аммо ўз даврининг моҳир усталари бўлгани уларни кўчага кузатилишдан асраб турибди. Ўзбекчилик, ҳарқалай. Кимгадир амаки, кимгадир тоға бўлади, ўтишган жойимиз бор, қолаверса, одамнинг юзи иссиқ.

Аммо тоза бозор иқтисоди андишадан узоқда ишлайди. Корхонага фойда келтирмаяпсанми — хайр. Янги менежер уларнинг олдига шарт қўяди: «Сизга фалон ой муддат. Иш ҳақингиз сақланади. Бу вақт ичида қуйидаги техника билан ишлашни ўрганинг, акс ҳолда...».

Фото: «Ҳуррият»

Гапниям чўзвордим. Нима қилай, «Ҳуррият» каби газеталарнинг ёпилиб кетиш хавфидан уйқум қочяпти. Шу газеталарни ўқиб тили чиққан баъзиларнинг «ёпиш керак, тамом вассалом» дейишларини қабул қилолмадим. Сифатли, кўзга кўринган газеталарда муаммо туғилса, ачинар экансан. Давлатнинг бўйнига осилиб олган газета ходимларининг бола-чақаси бор. Аммо иккинчи томондан бола-чақани мажбурий обунанинг орқасидан боқиш керак эмас. Бу бировнинг чўнтагидан пулини тортиб олиш билан тенг.

Таклифга ўтаман. Мажбурий обунасиз яшолмайдиган газеталарнинг ходимларига биттадан сайт очиб берилсин. Сайт очиш ҳозир консерва очишдан ҳам осон. Машҳур сайтларнинг менежерлари, мухбир ва журналистлари уларни маълум вақт давомида ўқитсин. Буларнинг барчасига давлат пул ажратиши керак. Вақтинча, албатта. Ўн йил давлатга ортмоқланиб ишлагандан, ярим йил қайта тайёрланиб янгитдан дунёга келган афзал. Бир оддий устанинг фикрига нима дедингиз?

Уч оғайни ботирлар нечта?

Фото: ЎзА

Сезяпсизми, сўнгги вақтда юртимизда уч ўғил эгизаклар туғилиши кескин ортди. Умри узоқ бўлсин, қўйган исмидан қатъи назар. Cobalt машинасининг остидан эса ҳамиша шамол ўтиб юрсин. Шунинг муносабати билан юртимизда ҳар йили неча нафар учталик эгизаклар туғилишини ўйлаб қолдим. Доно Wiki’нинг айтишича, иккиталик эгизак чақалоқлар туғилиши ўртача 2 фоиз ҳолатларда кузатилади. Шу 2 фоизниям 2 фоизи эса учталик эгизакларга тўғри келади. Демак, буёғи математика: юз нафардан 2 нафари иккилик, 2500 нафардан 2 нафари учталик эгизаклардир. Учталик эгизаклар ҚҚҚ, ҚҚЎ, ҚЎЎ ва ЎЎЎ шаклида бўлиши мумкин (Қ — қизалоқ, Ў — ўғил). Бундан келиб чиқадики, ҳар 10 минг нафардан бир ҳолатда қаторасига уч нафар ўғил чақалоқ туғилади. Юртимизда бир йилда ўртача ярим миллион чақалоқ туғилишини ҳисобга олсак, 50 та ҳолатда уч оғайни ботирлар туғилишини ҳисоблаб топамиз. Келинг, ҳисобни охирига етказиб қўяйлик, уларнинг ҳар бирига Cobalt инъом қилинса, GM Uzbekistan ишлаб чиқарган бир йиллик автомобилларнинг 0,023 фоизи совғага кетганини англатади.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин