«Дарё» колумнисти янги рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Фото: Telegram

Жавоблар генератори

Ҳозирча ишлаб турган Telegram мессенжерида «Генератор отмазок» боти бор (мана ҳаволаси). «Баҳоналар генератор» бўлади ўзбекчаси. Ажойиб бот. Минг турфа хил баҳонани ундан топасиз. Беминнат маслаҳатгўй. Ишга кечикдингизми, қарзни вақтида тўламадингизми, йўлда қизилда ўтиб кетдингизми — шундоққина генераторни боссангиз, «тўсатдан уйимга меҳмон кепқолди», «бугун қаттиқ шамоллаганман», «хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, уйимга учар ликопча тушди» шаклидаги баҳоналарни бир зумда топиб беради.

Бу генератор, одатда, кичкина одамларга асқатади. Аммо айрим раҳбарлар ва амалдорлар ишлатадиган жавоблар генератори ҳам бор. Бу генераторда ҳар хиллик йўқ, доим бир хил жавобни генерация қилади. Танқид ва эътирозга битта жавоб берилади: «Биз ишлаяпмиз. Сен нима қилиб қўйдинг?» Ҳурматли жаноблар, етар энди репертуарни ўзгартиринг.

Ўзинг нима қилиб қўйдинг?

Биринчи мавзуимиз азбаройи қизғинлигидан иккинчи лавҳамизнинг томорқасига ҳам бостириб кирди. Бу генератордан етти яшардан етмиш яшаргача фойдалана бошлади.

Шоир: «Ўзинг бир қатор табрик сўзи ёзолмайсан, аммо менга тилинг бир қарич».

Қўшиқчи: «Ҳуштак чалишни эплолмайсиз-у, мендан жонли овоз талаб қилишингизга ўлайми? Ижроимизга қарсак чалиш ҳуқуқингиз бор, азиз мухлис».

Домла-имом: «Биз бамисоли чўғни кафтимизда кўтариб юрибмиз. Сиз динимизга қандай хизмат қилдингиз? Интернетда ғийбатлашишликдан бўшамайсиз».

Қассоб: «Қонни кўрсанг, қўрқиб кетасан, болакай, яна лаҳм сўрайсан-а. Мен чидаб ишлаяпман. Суякни олгин-да кетавер, маза қилиб кемирасан».

Автобус ҳайдовчиси: «Куни бўйи одамларга хизмат қилиб эшакдай чарчайсан, яна нолишини-чи буларнинг. Қанақа ношукур одамсанлар? Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай ишлаётган биз, а так. Жимгина кет».

Буқа: «Мўў, мен ватанга 200 килограмм гўшт бериш учун семиряпман, сен нима берасан? Гапиришга ҳаққинг йў-ўқ».

Товуқ: «Қоқ-қоқ-қоқ. Олдин битта тухум қўйиб боқ. Кейин тухумни ёмонла».

Ҳашар — шаҳарга ярашар ёки куракка суяниш ижро маҳорати

Фото: Google Photos

Икки ҳафта муқаддам «Ҳафта ижтимоий муаммолари» рукнида чиқарган «Оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа фарғоналикмиди?» лавҳамизга жавоб келди. Масъуллардан деб ўйламанг, ишчиларнинг бири ёзибди. Ҳамма каби у ҳам номи ошкор этилишини истамайди.

«Мана йўл қуришни, тўғрироғи, бузишни бошлаганимизга ҳам бир ой бўлди. Дарахтларни кесиш учун бугун яна бир нечтасига рўйхат қилиб берди, аммо лойиҳа чиққани йўқ. Ишлаш учун эса дарахтларни кесиш шарт, шу муносабат билан пойтахтдан каттакон одамлар келган. Ҳамма уларнинг келишини эшица, ‘уҳҳ’ дейди, кўрса ‘ўўў’, дейди. Шундай катта калибрли одамлар келганда ишламай туриш мумкинми, ўзларинг айтинглар? Қўшни туманлардан ёрдам чақирдик, лойиҳа йўқ, ишлаш учун имконият йўқ, лекин ишчи бор мана бугун ўнинчи кун 60 тадан ҳашарчи келади. Улар худди «Ўзбеккино»нинг актёрларига ўхшайди. Нима иш қилишни кўрсатиш шарт эмас, ўзлари келади, тўкилган шағал олдига бориб, куракни ушлаб туради, обедга боради, қайтиб келиб, куракка суянади, кеч киради ва эртасига худди шу сценарий қайтарилади. Энг муҳими каттаконлар уларни ‘кўрсин’, э йўқ, катта ҳарф билан ёзаман — ‘КЎРСИН’, тамом. Ўтган куни ҳисобласам, иштаҳанг очилгурлар бир ярим минг марта обед ебди. Бу дегани битта кадрнинг беш йили ўлди дегани. Йилда нечта ободонлаштириш ҳашари бўлади? Ҳаммасида ё аптекачи, ё бозорчи, ё дўхтир, ё банкир чиқади ва куракка суянади, шу ишхоналарда бир кунлик иш тўхтайди ёки бир мутахассиснинг ҳуқуқи бузилади. Биз ободончилик ҳашарларида тугаяпмиз, ҳашарларда ўлиб кетяпмиз».

Етар. «Сиздан Telegram» рукнига ҳам бунақа узоқ ёзишмайди, деб номи ошкор этилмайдиган қаҳрамоннинг SMS’ига нуқта қўйдим. Дарвоқе, сизлар тарафда ҳам куракка суянувчилар ижросидаги ҳашарлар борми?

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.