«Дарё» колумнисти янги рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Экспорт кўламини кенгайтирайлик

Фото: Google Photos

Ҳозир ким кўп — ташвишидан нолиган кўп. Жудаям куйинчак одамман — ҳамманинг дардига ечим топгим келади. Ўтган ҳафта обуначи йиғолмай касод бўлган газеталар ҳақида ёздим. Ҳа, йил бошида обуна-ю, йил охирида деҳқонлар ҳосилини сотиш муаммосига нондек ўрганиб қолдик. Мен бугун ушбу муаммонинг ечимини бераман.

Газета билан пошшониям, пашшаниям ўлдирса бўлади, аммо майда амалдорнинг йўталидан ҳам ҳуркадиган газета билан пашша ўлдирган маъқул. Бундан ташқари, газетага тансиқ мевалар ўраш мумкин. Гап шундаки, Россия ва унинг шарқидаги давлатларда бизнинг меваларни иштаҳа билан ейишади. Серқуёш юрт мевасининг табиий мазаси шарқий европаликларни мазахўрак қилган. Мева экспортчиларимиз хабар берадики, у европалик харидорлар ўзбек мевасини ўзбекча газеталарга ўралганлигидан ажратиб олади. Қарангки, учар сотувчилар бошқа мамлакатлардан келадиган бемаза меваларни ҳам ўзбекча газетага ўраб қўйса, харидорлар талаб кетаётибди. Биз иқтисодда бозор муносабатларига асосланган прагматик йўлни танлаганмиз. Таклифим шундан иборатки, ўтмаётган газеталар чоп этилиши биланоқ қутиларга тахланиб, чет элдаги мева-сабзавотчи бизнесменларга экспорт қилиниши зарур. Така бўлса-да сут берсин.

Кўп йиллик ва оз йиллик дарахтлар

Гавжум жойга дарахт экдингиз. Кўп йиллик дарахт. Узоқ-узоқларга илдиз отди. Бир томири супермаркетнинг тагида бўлса, бошқаси банкнинг остига кириб кетган. Вақти келиб, дарахтни ағдаришдан қийин иш бўлмайди, ишонаверинг. Уёққа ағдарсангиз, катта бир иншоотни қулаца, буёққа ағдарсангиз, бир тўда одамни босиб қолади. Ягона йўли — шохлари ва юзадаги томирларини битта-биттадан кесиб, охирида ўзининг остига арра солиш. Дарвоқе, шохларини кесиб бўлгач, ўзини манзарали дарахт сифатида кўз-кўз қилиш учун қўққайтириб қўйсангиз ҳам бўлади. Ўтган-кетганлар томоша қилади, дарахт борми — бор.

Ихтиёр Абдуллаев.
Фото: «Газета.uz»

Оптимист бўламиз, оптимист. Қанчадан қанча тайинловлар, вазифа алмаштиришлар кечяпти. Кеча катта бир ташкилот раҳбарлигига Эшматжон Тошматов тайинланса, кўз юмиб-очгунча вазифасидан озод этилиб, Тошматжон Эшматов қўйиляпти. Эслаб қолишга ҳам улгурмайсан киши. Ҳафтанинг энг муҳим хабари кеча маълум қилинди. Аммо оптимизм яхши-да. Кўп йиллик дарахтни кўчириш осонмас. Озроқ турсаям манзара ва ҳосилини кўрайлик.

Айтганча, доно халқимизнинг нозик идора аҳлини «қуда тараф» деб лутф қилишининг лавҳамизга асло алоқаси йўқ.

Жорий йилда Тошкентда учар автомобиллар қатнови йўлга қўйилади

Ўтган ҳафта «Ўзавтосаноат» раиси ўринбосарининг Жиззахда Peugeot Citroën заводининг томи, девори, поли борлиги ҳақидаги баёнотини табассум билан ўқидим. Ҳа, дўстлар, томи, девори ва поли бор дегани завод ҳам деярли тайёр дегани. Яна қандай завод — қўшма завод. Битта тақанинг ёнига яна учта қўшилиб, усти бутланса, от нақд.

Фото: Peugeot

Маълумот учун: Жиззахдаги Peugeot Citroën заводи режага кўра 2019 йилдан бошлаб 160 мингтадан машина ишлаб чиқариши керак эди. Аслини олганда, умидимизни пучга чиқарган Peugeot Citroën заводи қурилишигина эмас.

Лоукостер ташкил этилиши ишлари 2018 йилда якунланиши керак эди. Аммо арзон авиакомпания ҳақидаги орзулар орзулигича турибди. Тошкентда йўл ҳақи тўловини автоматлаштириш ҳақида нақ тўққиз йил олдин ваъда берилган бўлса (унда «Дарё» сайти ҳали ташкил этилмагани боис ҳавола келтирмадик) ҳалигача «кутиш режими»да. Тўғри, инсоф юзасида 2017 йилда яна икки-уч марта ваъда берилди.

Муҳтарам мутасаддилар. Жорий йилда учар автомобиллар қатнови йўлга қўйилиши ва Тошкент метрополитенига Hyperloop поезди келтирилиши ҳақида баёнот беришингиз мумкин. Биз барчасига ишонамиз.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.