«Халқ сўзи Online»да журналист Элёржон Эҳсоновнинг Фарғона вилоятининг Риштон туманидан антиқа жонивор қолдиқлари топилгани ҳақидаги мақоласи чоп этилди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Риштон тумани Янгийўл қишлоғи Янгитурмуш кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи Тўхтасин ака ўз уйини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш жараёнида уйнинг эски пол остидан ноанъанавий кўринишдаги ҳайвон қолдиқларига дуч келди. Топилманинг суяк тузулишини айни замонда яшаётган ва боқилаётган ёки илмий китобларда фотосуратлари акс этган бирор бир мавжудотга қиёслай олмагач уни телефонига суратга туширди.

«Ҳозир яшаётган хонадонимиз 1969 йилда марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш жараёнида янги инфратузилма барпо этиш учун қурилган. Ажабтовур ҳайвон қолдиқларини бирорта жонзотга тахмин қила олмадим ва (одатда қишлоқда шундай қилинади) қўшниларни чақирдим. Ҳамма ҳар ҳил фикрлар, мулоҳазалар билдиряпти. Тахминимизча,динозавр суякларини эслатяпти бу қолдиқлар. Яна билмадим.

Котежлар барпо қилингунига қадар бу ерлар яйдоқ чўл ерлари бўлган. Гиёҳ ҳам ўсмаган. Бизники каби хонадонлар қурилиш қонун қоидаларига риоя этилмасдан, ернинг қаттиқ қисмигача кавланмасдан қурилаверган. Шунинг учун бу ҳайвон суяклари безарар сақланган бўлиши мумкин, деган фикрдаман», — дейди Тўхтасин ака.

«Бир қарашда, думини ҳисобга олмаганда, қолдиқлар кенгуруни, туяқушни эслатади. Оёқлари гавдасига нисбатан бақувват, узун кўринишга эга. Бироқ қадимда бизнинг ерларда бу ҳайвонлар яшамаганку? Умуртқа поғонаси ва қовурға қисми қўйсимон ҳайвонларга алоқадор. Бўйин қисми эса паррандани эслатади.

Шу жойда асоссиз тахминларни тўхтатайлиг-у, бизнингча, бу ноёб топилмага мутахассисларнинг кўмаги зарурга ўхшайди. Археологлар илмий хулоса беришлари зарур. Ким билади, ҳали бу ҳайвон қолдиқлари шу кунгача мавжуд бўлган илмий фаразларни бутунлай ўзгартириб юборар. Нима дейсиз?!», — дея якунланади мақола.