«Дарё» колумнисти янги рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Кинояли кинотанқидчилар

Ўтган ҳафтада шоир Аҳад Қаюм ишлаган кино тилларда достон бўлди. Постердан кўра виньеткани эслатувчи кинореклама тасвирини кўрганда юзига кулги югурмаган юзер қолмади. Ниҳоят кино ишлаш навбати Аҳад Қаюмга келибди-да, дейишди. Жиддий ва таҳдидли қиёфада қўлига тўппончаларни тутган актёрлар жамоаси расмига фотошопда ишлов бериб, қўлларига тароқ ва фен тутқазиб қўйишди. Бирор-бир фильм бунчалик истеҳзо билан қарши олинганини эслай оласизми? Мен эслай олмадим.

Фото: Facebook

Аслида янги фильм бир баҳона холос. Ялтироқ ўзбек тижорий фильмларининг рекламасини кўриши биланоқ кинояли куладиган кинотанқидчилар озайгани йўқ. Ўша эски фишкалар, таниш қаҳрамонлар... Кўрмасданоқ мазмунини айтиб бериш мумкин. Ватанни радикаллардан асраш мавзуидаги кинода миллий истиқлол ғоясини шимиб ўқиган, келишган спортчи йигит (унинг шим кийган гўзал севгилиси, албатта, бўлади) юртимизга суқилиб киришга уринган қорасоқол, жоҳил, наркоман, хотинбоз «қора куч»ларга қарши тенгсиз жангда олишиб, сўнгги лаҳзада албатта ғалаба қозонади. Муҳаббат можароларига бағишланган кинодаги қиз албатта муҳташам, ҳовузли саройда яшайди, ошиқ йигитнинг эса таксида юришга ҳам пули йўқ. Сўнгги вақтда урчиётган блокбастерларимизда эса Американинг кўча ҳаёти акс этади. Кўчадаги отишмалар, куппа-кундуз куни гавжум жойда «буқа»ларнинг муштлашуви. Америкада қурол дўконда сотилади, аммо Ўзбекистонда қурол олиб юриш шунчалик осонми? Қадамингда мелиса, одамлар устингдан ёзворади, видеога олиб интернетга жойлаворади, кейин кўрасан кўрадиганингни.

Янги кино баҳонасида бир талай гапларни айтиб олдим. Эҳтимол, Аҳаджоннинг фильми яхшироқдир. Буни томошадан кейин биламиз.

Юз мингми, бир юз минг?

Келгуси ҳафтадан босиб чиқарилиб, энг аввало валютачиларнинг қўлига тушиши кутилаётган юз минг сўмлик купюранинг иқтисодиётимиз ва инфляцияга таъсирини сўзлашга ақлим етмагани сабабли ёзув борасида таажжубимни яширмайман. Биз муомалада «юз сўм», «минг сўм», «юз минг сўм» деб атаганимиз каби, «юз минг сўм» деб ёзилиши мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Худди юз сўмликни «бир юз сўм» эмас, «юз сўм» деб ёзган каби. Пул бу ҳужжат, расмий ҳужжатда миқдор аҳамиятли бўлгани учун «бир» ёрдамида купюранинг қиймати аниқ ифодаланади, дейсизми? Эҳтимол ҳақдирсиз, аммо ҳозиргача «бирсиз» юз сўмликда бирор-бир чалкашликни сезмаганлигимиз рост.

Фото: Марказий банк

Дарвоқе, яна бир ўртамиздаги гап: кейинроқ босиб чиқарилувчи «икки юз минг сўмлик», «беш юз минг сўмлик» банкнотларни қалбакилаштирмаслик учун таъкидлаб «бир» сўзи ёзилаётган бўлса, не ажаб. Нима дедингиз?

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.