Тошкентдаги Амир Темур шоҳ кўчасининг Молия институти биноси асосий дарвозаси олдида автотранспорт воситалари учун қўшимча қайрилиб олиш жойи очилди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабар беришларича, ушбу қайрилиш жойи пойтахт ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ташаббуси билан очилган.

«Янги қайрилиб олиш жойининг очилиши аввал мавжуд бўлган тирбандликларни қисман камайтириш имконини беради», — дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборотида.

Аввалроқ Амир Темур шоҳ кўчасининг Навоий шоҳ кўчасига кесишмасига яқин жойда қўшимча қайрилиб олиш жойи очилгани ҳақида хабар берилган эди. Яқин вақт ичида Кичик ҳалқа йўлида Лутфий кўчаси билан чорраҳада (Фозилтепа кўчасидан келиш йўналишида) ҳамда Фозилтепа кўчаси билан чорраҳагача бўлган қисмда ҳам қайрилиб олиш жойи пайдо бўлиши кутилмоқда.