«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Мен бир камсуқум одам

Мен бир содда, камсуқум одамман. Тушунмайдиган нарсам кўп ҳаётда. Кўп савол бераман. Нега сигир сут беради? Нега мушук сут бермайди? Нега осмон кўм-кўк? Нега ёмғир ёғади? Шунга ўхшаш беҳуда саволлар.

Фото: Google Photos

Ўтган ҳафтада Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида аудиоэртаклар лойиҳаси иш бошлади. Хайрли бўлсин! Эртак эшитиб улғайган боладан ёмонлик чиқмайди.

Бу давлат эътиборидаги лойиҳа бўлгани сабабли студияда овоз ёзиш, фон мусиқалари, матн ўқувчиларнинг хизматига маблағ ажратилганлигига шубҳа йўқ. Ҳозиргача нақ 12 та аудиоэртакни тахтлаб қўйишди. Фақат бир маълумотни айтиб қўйиш керак — аудиоасарлар ўқиш лойиҳаси янги эмас. «Санъат гулшани» номли студияда бир неча йил олдин кўплаб аудиоасарлар тайёрланган. Қолаверса, «Ziyouz.com» портали муаллифи Давронбек Тожиалиев бир қанча аудиоҳикоялар ўқиб эшиттирган.

Фото: Facebook

Мен бировнинг лойиҳасини ўзлаштиришда ҳеч кимни айбламаяпман, гап бошқа ёқда. Лойиҳалар айни бир — иккаласи ҳам халқимизга зиё улашишда айни маърифий йўлни танлаган. Янги лойиҳага давлат структуралари эътибор қаратиб, молиялаштирмоқда. Ўн уч йил аввал ташкил этилган лойиҳани эса бир энтузиаст, ғайратли инсон ёлғиз ўзи юритди. Юритдигина эмас, аудиоасарлардан ташқари минглаб матнли асарларни электронлаштириб, интернет тармоғига жойлади. Бироқ аввалги лойиҳа муаллифи ҳануз пойтахтда камтарона ижара уйда туради, ҳатто муқим пропискаси йўқ. Фарқни сезяпсизми? Мен шунга тушунмайман. «Islom.uz» сайтига ёндош йигирмадан ортиқ маърифий сайтларни ташкил этиб ва йигирма йилдан бери юритиб келаётган Абу Муслим (Адҳам Отажонов) ва унинг оиласининг ҳаттоки Ўзбекистон фуқаролиги йўқ. Мен шу ишларга тушунмайман.

Кимгадир ёқар лола

Турк актёри Тошкентдан олиб кетган мўмай пулни гапирмаган қолмади. Инсонпарварларнинг фикрича, қаёқдаги ажнабий актёрга бунча пул сарфлаш аҳмоқлик бўлиб, ундан кўра халққа газ тушириб бериш афзал. Замонавий иқтисодчилар эса бунга лабини буриб, шахсий пулини истаган мақсадда сарфлашга ҳақли, ҳодиса эса бозор қонуниятларига оддийгина мисол, деб талқин қилмоқда. Айниқса популистларнинг куни туғди: бунча пулга фалон ишларни қилиб ташласа бўларди, деб жар солмоқда. Бир чиройли йигитча билан расмга тушиш учун ўлар-тириларига қарамай шошилган опахонларни нодонга чиқарганлар бўлди.

Фото: Facebook

Сиз нима деб ўйлайсиз, ёқтирган актёри билан учрашиш учун катта пул сарфлаганлар нодонми? Футболни ёқтирасизми? Месси ёки Криштиану Роналду билан учрашиш учун бир ойлик маошингиздан кечармидингиз? Боксни ёқтираман, дейсизми? Майк Тайсоннинг қўлини сиқиш учун бир миллион тўлаб учрашувга кирармидингиз? Яхши кўрган ижодкорингиз, сухандонингиз билан учрашувга қанча ресурсингизни кеткизган бўлардингиз? Анчагинасини. Жастин Бибер, Алла Пугачёва, Таркан, Женнифер Лопес ёки Шерали Жўраевнинг кичкина залчадаги концертида уни яқиндан кўриб суратга тушиш учун касса олдида бор пулингизни чиқарардингиз, тўғрими? Оҳ, Эйфель минорасини/Дубайдаги меҳмонхонани/Лувр музейини/Гавайини/Миср эҳромларини/Тожмаҳални бир марта кўрсам армоним йўқ, деб орзу қилгансиз, эҳтимол. Ишонаверинг, Буракнинг ортидан чопганлар ҳам худди сиз каби ўйлайди.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.