2018 йилнинг сентябрь ойида фарғоналик ёш олимлардан иборат жамоа Бухоро вилоятида ўзининг электромобилини яратишга киришганди. Лойиҳа муаллифи Саидбек Ғуломовнинг маълум қилишича, бугунги кунга келиб лойиҳани моделлаштириш ишлари якунланган. Бу ҳақда UZ24 хабар берди.

Фото: UZ24

— Электромобилни яратиш ишлари ҳали якунига етмади, — дейди лойиҳа муаллифи Саидбек Ғуломов. — Илк прототипини ишлаб чиқариш жараёни тахминан 4 ойга мўлжалланган эди. Афсуски, бу ерда — Бухорода бир ўзим ишлаяпман, бирга ишлайдиган кадр топилмагани учун муддат сал кечикяпти, жамоамиз аъзолари масофадан туриб кўмаклашишяпти. Ҳозир лойиҳа якунланишининг аниқ муддати ҳақида бир нима дейиш қийин. Негаки, айрим эҳтиёт қисмларини топишда бироз муаммолар бўлиб турди. Шуларни топа олсак, бир ойга қолмасдан электр машинани яратиш ишларини тўлиқ якунлай оламиз.

Лойиҳага асли ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароси Шамсиддин Ҳасанов ҳомийлик қилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёни Когон тумани ҳудудида фаолият кўрсатаётган «Когонремстройкомлект» Ўзбекистон — Россия қўшма корхонаси ҳудудида бормоқда.

Фото: UZ24

Электромобил дизайнини яратишда Фарғона дўпписидаги безаклар нусхасидан фойдаланилган. Электромобилнинг кузови юз фоиз алюминийдан тайёрланган. Узунлиги 4 метр 75 сантиметр, эни 2 метр, баландлиги 1,53 метрни ташкил қилади. 18 дюмли ғилдираклар ишлатилади. 6,5 секундда 100 километр соат тезликда ҳаракатланади. Бир марта тўлдирилган қувват 350 километрдан ортиқ масофага ҳаракатланиш учун етади.

Аввалроқ лойиҳа муаллифи электромобилнинг бир дона нусхасини яратиш учун 50 минг долларга яқин маблағ керак бўлишини маълум қилганди.

Фото: UZ24

— Прототипни яратиш жараёнида кўп деталлар ўзгарди. Керакли кадрлар топилмагани учун композит материалдан эмас, алюминдан фойдаландик, қайта ҳисоб-китоб қилдик. Харажат 50 минг долларга бормайдиган бўлди. Ҳозирча 40 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Энди яна 20 минг долларга яқин харажат қолган, — дейди Саидбек Ғуломов.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, электромобил нархи 110-150 миллион сўмга баҳоланмоқда.

Электромобил “Saidbek dream cars” бренди остида Al-Fraganus номи билан сотувга чиқарилади.

Фото: UZ24

— Электромобилни харид қиламан деганлар талайгина. Лекин биринчи мижоз ўзим бўламан, худо хоҳласа. Қолган мижозлар уни миниб кўриб, индивидуал буюртма беришлари мумкин бўлади. Буюртмалар кўпайса, ишлаб чиқариш ҳажмини орттириб бораверамиз. Ҳомий томонидан бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган, — дейди Саидбек Ғуломов.

Электромобил бўйича патентга эга бўлиш учун республика Intelлектуал мулк агентлигига зарур ҳужжатлар топширилиб, дастлабки хулосалар олинган.