«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Мен дардимни кимга айтаман?

Фото: ЎзА

Шу кунларда ўзнетни Фарғонадан бир хабар титратди. Ўзбекистон туманида 9-синф ўқувчиси карбид суви ич(кизил)гани сабабли дунёдан ўтибди. Даставвал, ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Facebook-саҳифасида «синфдошлари карбид сувини мажбуран ичкизиб», фожиали ўлган ўқувчи ҳақида вужудингизни зириллатадиган пост қолдирди. Аммо воқеа тафсилоти юзасидан тортишув бошландими, пост йўқолиб қолди. Карбид сувини ичиш... Тасаввур қиляпсизми? Тирик одамнинг ички аъзолари куйиб кетади.

Аммо воқеанинг аниқ тафсилоти ҳалигача маълум эмас. «Қора ниятли тинчлигимизни кўролмайдиган» четдаги сайтларнинг ёзишича, ювош болага зўравон бойвачча синфдошлари карбидни мажбурлаб ичкизган. Кўз олдингизга «дедовшина» келдими? Ўзимизнинг мўмин-қобил сайтларимиз ёзишича, бола «билмасдан, эҳтиётсизлик оқибатида» турган-битгани заҳарли моддани ичиб қўйган. Бола-да энди.

Ахборот оламимизда қизиқ урф бор. Бир жойда кўнгилсиз ҳодиса бўлса, «паслушний» нашрларимиз «эҳтиётсизлик оқибатида», «билмасдан», «аслида бундай бўлиши керак эмасди» деган мавҳум жумлалар асосида гап тузиб хабар беришади. Ҳозир аниқ ахборот қиммат туради. Шунчалик қимматки, уни керакли одамдан суғуриб олиш имконсиз. Унинг синфдошлари ва ота-онасининг оғзига микрофон тутиб видеотасвирини интернетга жойлаш барча саволларга аниқлик киритган бўларди. Аммо улар гапирармикан? Оддий оила бўлса... Уларни нечта корчалон чўчитиб қўйди экан? «Қўйинг, тақдир экан, қолганларни саломат қилсин», деб, қўл синиғини енг ичида, бош ёриғини дўппи тагида токай сақлаймиз?

Робиндранат Тҳокурнинг мактаб дарслигига киритилган «Нур ва соялар» ҳикоясини эслайсан киши. Сен жабр чекканни ҳимоялашга уринсанг, у эса «йўқ бундай бўлмади», дея ишончингни сўндирса-чи? Дардини айтай деса, тили йўқ бечорани. Биздан Шошибушонлар чиқармикан?

Ёниб кетган умидлар

Фото: Repost

Куйиш азобини билиш учун гугурт чўпини ёқиб бармоғингизни алангага бир лаҳза тутиб туришнинг ўзи етарли. Шундай бўлса-да, бу ишга қўл урганлар етарли. Вьетнамлик руҳоний Тхит Куанг Дик буддавийларга кўрсатилаётган босимга норозилик тариқасида ўзини ошкора ёқиб, дунёни ларзага солган бўлса, тунислик ёш баққол Муҳаммад Буазизийнинг қишда ўзига ўт қўйиши «баҳор»ни бошлаб келди. Қайта қуриш йилларида аёллар ўзини ўзи ёқиши Шавкат Раҳмон шеърлари ва Дадахон Ҳасанов қўшиқларида қолиб кетган бўлса, бугун тадбиркор ўзининг жонига қасд қилмоқда. Киши тан азобини писанд қилмай устидан ёнилғи қуйиб, қўлига гугурт олишга ундовчи сабаб руҳ азобидир.

Сурхондарёлик тадбиркор йигит кредитга олган пулига қурилган кафени ҳокимият бузиб ташлаганига норозилик сифатида ҳокимият биноси олдида ўзини ёндирганини ўқиб юқоридаги хаёлга бордим. Биз қайсидир узоқ мамлакатда ва тарихда жабр кўрганларни ўқиб ачинамиз, ларзага тушамиз. Ҳолбуки, ёнимизда бир одам ҳокимликка гапи етмагани учун ўзига ўт қўймоқда. Норозиликнинг энг қўрқинчли, оғриқли йўлини танламоқда. Чунки унда бошқа йўл қолмади. «...очилган кенг йўл» уни канистр ва гугуртга олиб келди.

Унинг ҳам режалари, орзуси бўлган, албатта. Кафесининг даромадидан уй қуришни мўлжаллагандир, тўй қилишни истагандир. Эҳтимол, оиласи бетобдир. Аммо ҳокимиятнинг булдозери унинг режаларини мажақлаб ўтиб кетди. Ва… унинг ўзи ҳаммасига сабабчи бўлиб чиқди.

«...Туман ҳокимлигида Б.Э.нинг ер ажратиш ҳақидаги мурожаатлари мавжудлиги факти ўрганилганда, у ушбу воқеага қадар туман ҳокимлигига ер ажратиш ҳақида расман мурожаат қилмаганлиги аниқланган...»

«...Бироқ, О.Ж. тумандаги «Учқизил» маҳалласида 2018 йил бошларидан 50 квадрат метр ер майдонида ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда айвон (навес) қуриб олиб, ундан умумий овқатланиш шохобчаси сифатида фойдаланиб, аҳолига ‘пирожки’ пишириб сотиш билан шуғулланган...»

«...Бироқ Б.Э. қонуний қурилмани ўз ихтиёри билан бузиб олганлиги боис, ҳужжат расмийлаштирилмаган...»

«...Б.Э. ҳозирда ҳеч кимга даъвоси йўқлигини, қилган ишидан пушаймонлигини маълум қилган...»

Шунақа гаплар. Ўзинг сабабчисан, чунки қўлингга гугурт олдинг, демаган холос.

Дарвоқе, фожиа олис Сурхондарёда юз берган. Вьетнам ёки Тунисда бўлганда барчаси бошқача кечиши мумкин эди.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.