«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Уйдан чиққан динозавр

Риштонда мушуксимон динозаврнинг қолдиғи топилди. Бир қараса кенгуру, яна бир қараса туяқушга ўхшовчи ғаройиб жонзотнинг қолдиқлари яхши сақланган. Айтишларича, унинг ёши миллион йилга боради.

Қорақалпоғистондан эса олтмиш миллион йиллик динозавр тухумлари топилди. Яхшилаб текширилса, динозаврнинг ўзи ҳам топилиши ҳеч гап эмас. Ахир давлатчиликда уч минг йиллик, инсоният тамаддуни ўчоқлари сифатида миллион йиллик тарихимиз бор.

Нега аввал чиқмаган ғаройиб археологик намуналар бугун қайнаб чиқяпти, дея ажабланманг. Борини уддалаб кўрсатиш ҳам маҳорат. Қолаверса... Туризм қўмитаси яхши ишлаяпти.

Кўргазма столлари учун ихтиролар

Аввалдан айтиб қўяй: танқидий нуқтаи назарим билан ихтирочи ака-укаларимнинг шаштини сўндириш ниятим асло йўқ. Аммо деярли ҳар ой янги ихтиро ҳақида сайтлар шов-шув кўтариб, кейин сув қуйгандек жимжит бўлиб кетса, ўзингни чув туширилгандек ҳис этаркансан, киши. Ўзбек ихтирочисининг Apple ҳам қизиқаётган эгилувчан телефони қани? Шов-шув қилинган ўзбекча ҳавони тозалаш қурилмаси қани? Наманганлик аёлнинг бутун бир шаҳарча учун электр токи ишлаб чиқарадиган қурилмаси қани? Қўша-қўша электромобил яратаётган талабаларнинг иш натижалари қани?

Фото: Uz24

Бугун диққатимни ҳали тайёрланмаган «Альфраганус» автомобили прототипига қаратаман. Айтишларича, тўла заряди билан 350 километр йўл юрадиган, олти ярим сонияда юз км/соат тезликка эришишга қодир шиддаткор автомобиль нархи 150 миллион сўм атрофида бўларкан. Прототипи қирқ минг долларга битар экан.

«Альфраганус»имизни таниқли электромобил Nissan Leaf билан солиштирамиз. Nissan Leaf ўн сонияда юз км/соат тезликка чиқади, йўл захираси 200 километр, нархи эса... 25 минг доллар. Венчур капиталист Илон Маск ишлаб чиқарган Tesla Model X электромобилларининг кўрсаткичлари ҳам «Альфраганус» билан ўхшаш бўлган ҳолда баҳоси 35 минг доллардан баланд туради.

Nissan LEAF. Фото: Wikipedia

Қолаверса, янги автомобиль яратишдан олдин тайёрланган унинг бир прототипи автокомпанияга миллионлаб долларга тушади. Қирқ минг долларга эмас. Ўнлаб фирмалар билан ҳамкорликда юзлаб мутахассислар ҳар бир детали устида изланади ва табиийки, катта ҳаракатлар катта харажатни туғдиради.

Бус-бутун янги машина ишлаб чиқарилиши ҳақидаги шов-шувли хабарлар бир марта ўқиш учун ярайди холос. Машинанинг бирор деталининг чидамлилигини ёки энергия самарадорлигини ошириш усули яратилганлиги ҳақидаги хабар кўпроқ ишонарлироқдир. Трактор яратилгач, энг асосий изланишлар унинг вазнини енгиллаштириш, лампочка ихтиро қилингач, энг асосий тажрибалар унинг фойдали иш коэффициэнтини атиги ўн фоиздан ошириш устида бўлган-ку ахир. Бирор физикавий жараённинг математик модели кашф қилиниб, амалиётга татбиқ этилгани ҳам кўпроқ аҳамиятлидир. Аммо бундай хабарлар омма учун қизиқ эмас. Оммага шов-шув керак, ҳаттоки, илм-фанда ҳам.

Сўзим сўнгида эса ихтирочиларимизга яна бир марта куч-ғайрат тилайман. Зеро астойдил эшик қоқсанг, очилиши аниқ.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.