Англиялик лордга турмушга чиққан самарқандлик қиз Гули Мурадова Буюк Британияда ўзбек маданий меросини тарғиб қилиш мақсадида ҳаракат бошлади. Бу ҳақда Гули Мурадова «Дарё» мухбири Севара Нишоновага маълум қилди.

Фото: Гули Мурадова

Гули Шайх турмуш ўртоғи билан Букинҳем қасри боғида ўтказилган тадбирда қатнашган эди. Ўшанда унинг эгнидаги адрас матосидан тикилган кўйлак қиролича қасрига келган меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар Гулидан кўйлаги ҳақида сўрай бошлади. Шу тарзда Гулида ўзбек миллий матоларидан тикилган кийимлар сотиш орқали миллий маданиятни тарғиб қилиш истаги туғилди.

Фото: Гули Мурадова

Фото: Гули Мурадова

Гули Шайх  ўз Ватанини жуда севишини айтиб, ҳар бир ватанпарвар инсон Ватани маданиятни хорижда кенг тарғиб қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Шунинг учун ҳам Гули ўзбекистонлик ҳунармандлар ва дизайнерлар билан суҳбатлашиб, шу билан бирга Англия бозорини ўрганиб, бизнесни йўлга қўйишга қарор қилди.

Гули Шайх Ўзбекистон халқи бой маданий мерос ва маданиятга эга эканлигини таъкидлайди. У турли учрашувларда Имом ал-Бухорий, Ибн Сино, Алишер Навоий, Ал-Хоразмий каби ўзбекистонлик буюк сиймолар ҳақида сўзлаб беради.

Гули Шайх Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Хива, Андижон, Марғилон ва Қўқон шаҳарларига келиб, кўп сонли ҳунармандлар билан суҳбатлашиб, қўл меҳнати билан ишланган буюмларнинг тайёрланиш жараёни билан танишди.

Шу тариқа Гули ўзбек миллий маҳсулотларини сотиш учун www.silkrouteglobal.co.uk сайтини яратди. Ушбу сайтда ўзбек миллий кийимлари, идишлар, уй учун керакли жиҳозлар, гиламлар, турли миллий аксессуарлар ўрин олган.

Ушбу ташаббус Бирлашган Қиролликда катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Бундан ташқари, Гули рассомчилик фаолияти билан ҳам шуғулланади. У чизган расмлари савдосидан тушган пулни хайрия ишларига, аниқроғи ногиронлиги бўлган кишиларга ёрдам бериш учун сарфлайди.

Фото: Скрин / Дарё

Фото: Скрин / Дарё