«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ҳафта ижтимоий масалаларига тўхталиб ўтади.

Олифта гаплар

Абдулла Қаҳҳор дейдики, кўп (ва олифтанамо) гап ёлғонни пардалаш учун керак. Мабодо бирор катта ҳажмли лойиҳа тўғрисидаги хабарда «трансформация ишлари кетяпти», «амалга ошириш концепцияси қайта кўриб чиқилади», «сарф-харажатларни оптималлаштириш мақсадида», «кўзда тутилмаган ўзгаришлар боис иқтисодий параметрлар мақбуллаштирилади» каби олифта жумлаларни учратиб қолсангиз, ўзингиз учун «лойиҳа ухлабди» деб хулоса чиқариб қўяверинг. Қизиқиш учун илгари бекор қилинган лойиҳаларга (12) бирров кўз югуртириб кўринг-а.

Фото: «Kun.uz»

Мен ҳокимман

Ҳа, мен ўша ҳокимман. Барчангиз билган-таниган, қарсак чалган. Мен ҳануз борман.

Мен ўшаман. Мажлисда «онангни» деб сўккан мен бўламан. Ҳоким бўлганим ҳамоно қурилишга газ бериб, бозорингизга бульдозер солдирган менман.

Мен ҳамиша барҳаётман. Мени йўқота олмайсиз.

Фермернинг эккан экини, тиккан тикини, деворига чирмашган ошқовоқпалагигача солиқ ўйлаб топган менман. Тадбиркорнинг дўконини тортиб олиб, қайта қуриб ўзига ўн баравар қиммат сотган менман. Менга асло қарши чиқа олмайсиз.

Қариндош-уруғларимни энг муҳим лавозимларга жойлаб «оилавий пудрат» синдикатини яратган менман. Итальянлар ҳам ҳайрон қолади менинг ҳунаримга.

Мени доим қоралайсиз, орқадан сўкасиз. Аммо ҳузуримда қўлингиз қовушганча қотиб қоласиз. Мен шундай сеҳрли одамман.

Менга порталингиз, газетангиз, сайтингиз, ижтимоий тармоғингизнинг кучи етмайди. Мен бир ўзим улардан кучлироқман. Айтганимни қилинг.

Фермерни ўзига қабр кавлаттирган мен бўламан. Мажлисда айбдорларнинг қариндош-уруғи қолмай сўкаман. Ураман ҳам. Мен шундай кучлиман.

Бободеҳқон ўзлаштирган қўриқ ерни пўписа билан ҳокимликдаги қариндошимга тортиб олиб берган мен бўламан. Ери борлар мен билан ўйлаб гаплашсин. Ҳатто ҳовлингиз ўзингизники эмас.

Ҳар куни ишга келибоқ тўп-тўп ҳужжатларга қарамасдан қўл қўювчи мен бўламан. Мингта имло хато ўтиб кетса, нима? Мен ҳокимман, филолог эмас. Одамларни ишлатаман ва бу хислатим барча айбимни ювади. Шунча айбимга қарамасдан бу лавозимда ўтирганимнинг боисидир бу.

Сиз нозиктаъб зиёлиларнинг қўлингизга тўртта одам берса уддалаб ишлата олмайсиз. Мен ишлата олганим ютуғимдир. Давлат, одамлар иш билан ҳаётдир. Бу билимдир. Ҳокимнинг салоҳияти Ҳокингнинг салоҳиятидан кам эмас. Мен билан ҳисоблашинг.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.