Инновацион ривожланиш вазирлиги Ёзувчилар Уюшмаси ҳамда Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази билан ҳамкорликда китобхонликни қўллаб-қувватлашнинг инновацион усулларини жорий этмоқда. Бу ҳақда «Дарё» вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ана шундай инновацион фаолиятлардан бири QR кодлар жойлашган китобларни чоп этишдир. Шоира, ўқитувчи Дил Бонунинг »Қалбим кўзгуси» номли шеърий тўплами QR кодларда жойлашган аудио маълумотларни ўз ичига олган дунёдаги биринчи китоб. Китобнинг ҳар бир саҳифасига махсус QR код туширилган бўлиб, мобил телефондаги илова орқали муаллиф томонидан ўқилган шеърларни мазмунга мос мусиқа остида тинглаш мумкин.

Китобдаги шеърларнинг аудио тарзда QR кодларга бундай жойлаштирилиши инновацион ғоя маҳсулидир. Одатда QR код маҳсулот ёрлиқларида, реклама маҳсулотларида қўлланилади. Аммо QR кодли бундай шаклдаги шеърий китоб дунёнинг бирорта мамлакатида ҳали яратилмаган.

Бадиий матн, хусусан, шеърий асарнинг мазмун-моҳияти, унинг поэтикаси ва руҳиятини ҳеч ким муаллифдан яхшироқ талқин этолмаслигини инобатга олинса, бундай китобнинг яратилиши ахборот етказиш ва сақлашнинг янги, мукаммал усулини кашф этди.Китобнинг анъанавий босма нашри билан аудио шаклининг уйғунлашуви матбаа соҳасида янги имкониятларнинг очилишига хизмат қилади.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Шундай усулдан фойдаланиб ижтимоий-сиёсий, илмий-оммабоп адабиётлар, турли фан йўналишлари бўйича методик адабиётлар, луғатлар, маълумотномалар, энциклопедик асарлар, библиографик нашрларни чоп этиш ўқувчилар, хусусан, имконияти чекланган инсонлар учун қулайлик яратади.