«Дарё» колумнисти ўтган ҳафтада энг кўп муҳокама қилинган мавзуларга изоҳ бериб ўтади.

Меҳмонжонлардан айланай

Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романида меҳмонни иззатлашга доир лавҳа бор. Деҳқонқул пойтахтдан келадиган азиз меҳмон учун фалон пулга ўша даврда тансиқ бўлган мева — хурмо олиб келади. Болаларининг оғзидан суви оқади. Бири иккита хурмони олиб қочади, ота қувиб етиб оғзига бир уради. Изтиробли ҳолат, шундай эмасми?

Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида масжидларни кўрсатувчи белги ўрнатилмоқда. Аввалроқ пойтахтимизда аёллар учун масжид ҳам очилганди. Фақат туристлар учун, маҳаллий намозхон аёллар киролмас экан, вақтинча ёпиб қўйишди. Шунча йилдан бери эсланмаган ҳожатхоналаримизнинг ночор аҳволи ҳақида бугун бот-бот ёзишяпти. Яшириб нима қилдик — булар ҳам туристлар учун. Бизга тешик тахталиси ҳам бўлаверади. Аммо турист чинни қопламали ҳожатхонага эмас, латта билан тўсилган сассиқхонага кирса, тоза уятли бўламиз. Мундай ўйлаб қарасак, масжид учун йўлкўрсаткич, озода ҳожатхонага аввало ўзимиз муносиб эмасмидик? Тоғай Муроднинг қаҳрамонидан қандай фарқимиз бор?

Фото: «Дарё»

Яна бир гап. Шу кунларда мамлакатимиз президенти Бирлашган Араб Амирликларида юрибди. Соқолли эркаклар, рўмолли аёллар. Эрта-индин улар юртимизга инвестор сифатида кириб келади. Тақдир ҳазилини қарангки, шу кунларда Тошкентда рўмолли талаба қизни таълим даргоҳига киритилмаганлиги учун суд иши бўлиб ўтди.

Кремний водийсига интилаётган ўзбеклар

Илм-фан тарихда тамаддунлараро кўчиб юради. Кеча Шарқ дунё илмининг маркази бўлса, бугун барчаси Ғарбга кўчиб турибди. Илм-фан чўққисида юрувчи мамлакатларнинг норасмий равишда «Кремний водийси» деб аталувчи технологик марказлари мавжуд. Мамлакат илм-фанининг қаймоғи ўша ерда тўплангани учун олимларнинг барчаси «кремний»га интилади.

Биз эса бугун илм-фанимиз билан мақтанарли ҳолда эмасмиз. Ёшлар орасида фанга қизиқиш суст. Ажратилаётган бир неча миллиард сўм оз — тадқиқотчилар оила тебратишига кифоя қилмайди. Шунинг учун тадқиқотни четда қилишни афзал кўради.

Ёш олимлар четга кетса ким қолади? Топдингиз — санъат мухлислари қолади. Нима биландир банд бўлиш керак-ку. Қўшиқ, кино, деган нарсалар бор ахир. Ёшларимиз нега бунчалик қўшиқчиларни яқиндан кўришга интилишини, артистни еб юборгудек шовқин солиб мухлислик қилишини тушунгандайман. Куни кеча Муниса Ризаеванинг концерти ҳақида «Ҳатто Майкл Жексоннинг ҳам шунча мухлиси бўлмаган» дея ғурур билан ёзилди. Четдаги «ютуқларимизни кўролмайдиган, қора ниятли, нохолис» сайтларнинг қаёқдандир аниқлаб ёзишича, маҳаллий аҳолининг орасида пулдорроқлари ҳар мавсумда машҳур қўшиқчини олиб келиб ҳамюртларига концерт ташкил этилишига ҳомийлик қиларкан. Ҳа, биз илмсевар эмас, қўшиқсеварлармиз. Бойларимиз чиқиб «мен илм-фанга ҳомийлик қиламан, ихтироларингизни молиялаштираман» дейишларини кутиб қоламиз холос.

Расмда эса, ҳозирча, «Кремний водийси»дан сал узоқ ҳамюртларимизни кўришингиз мумкин.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.