Термиздаги «Матбуот уйи»да жорий йил 5—10 апрель кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказиладиган илк халқаро бахшичилик санъати фестивали олдидан «Алпомиш» достони китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га журналист Наргиза Раҳматуллаева маълум қилди.

Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов талқинида ҳавола этилган ушбу достон Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Республика маънавият-маърифат маркази вилоят бўлими томонидан нашрга тайёрланиб, «Академнашр» нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.

— Воқеаларнинг изчиллиги қоғозга кўчганида ҳам табиийлигини сақлаб қолган ва ҳар бир сўзга рамз юклатилган. Образларнинг жонлантирилиши ҳалқчил тарзда амалга оширилган. Эндиликда ушбу достоннинг бир неча бахши-шоирларимиз талқинида чоп этилиши режалаштирилган, — дейди Республика Маънавият-маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими бошлиғи Фирдавс Шарипов.

Фолклоршунос олимларнинг эътироф этишича, ҳозирги кунда ушбу достоннинг қирқдан ортиқ варианти мавжуд. Сурхон бахшичилик мактаби вакиллари томонидан достоннинг бир неча талқинлари яратилган.