Ўзбекистонда «Ёш китобхон» танловининг 2019 йил мавсумига аризалар қабули бошланди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.

Фото: Ёшлар медиа маркази

Танловда мамлакатда истиқомат қилаётган миллати ва тилидан қатъий назар 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча ёшлар иштирок этиши мумкин.

«Ёш китобхон»да иштирок этишни хоҳловчи ёшлар жорий йилнинг 1 апрелидан 15 майига қадар Ёшлар иттифоқининг таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари ёки маҳаллий кенгашларига ариза билан мурожаат қилиб, ўзи ҳақидаги тегишли маълумотлар (танлов анкетаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт нусхалари)ни тақдим этади.

Танлов қуйидаги учта ёш тоифаси бўйича алоҳида тартибда ўтказилади:

10 ёшдан 14 ёшгача;

15 ёшдан 19 ёшгача;

20 ёшдан 30 ёшгача.

«Ёш китобхон»нинг 2019 йилги мавсуми учун саралаб олинган китоблар рўйхати ҳақида Ёшлар иттифоқининг ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари орқали маълумот олиш мумкин.

Танлов ғолибларига Президент совғаси — Spark автомобили топширилади.