Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Aгросаноат касб-ҳунар коллежида ўқувчилар ўз қўли билан ишлаб чиқарган 24 турдаги тайёр маҳсулотлардан тушган даромад эвазига вилоятда ягона бўлган инновацион кутубхона ташкил этилди. Бу ҳақда кутубхона очилишида иштирок этган «Дарё» мухбири маълум қилмоқда.

Фото: «Дарё»

Тадбирда иштирок этган туман ҳокимлиги, коллежлар бошқармаси ва жамоатчилик кутубхонага 500 га яқин бадиий китоб совға қилди.

— Туманда жойлашган мазкур коллеж раҳбариятидан чиққан бундай ташаббус бизни қувонтирди, — дейди туман ҳокимлиги вакили Ғайрат Эргашев. — Туман ҳокими коллеж раҳбариятининг бу хайрли ишини давом эттирган ҳолда, кутубхонага 100 та бадиий китоб совға қилди. Насиб этса ҳали яна бадиий китоблар етказиб беришни режалаштирганмиз.

— Шунга яқин ташаббус Яккабоғдаги коллежда ҳам кузатилган эди, — дейди касб-ҳунар коллежи директорларидан бири Шуҳрат Абдураҳмонов. – Аммо бундай имконият ва ғоя ҳалигача қилинмаган. Қолаверса, бу коллеждаги кутубхона ўқувчилар меҳнати ортидан келган даромад эвазига барпо этилгани ҳам аҳамиятли. Шу жиҳатдан олиб қаралганда вилоятда ягона бўлган мазкур инновацион кутубхонага ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида электрон шаклдаги ва бадиий китоблар жамланмасини совға қилдик. Насиб этса, биз ҳам коллежимизда шундай кутубхона ташкил этишни ният қилдик.

Фото: «Дарё»

Кутубхона очилиши маросимида маълум қилинишича, мазкур инновацион кутубхона бошқа кутубхоналардан барча имкониятлари мавжудлиги билан ажралиб туради. Жумладан, ўқувчи китобни ўқиб чиқишдан кўра, тинглашни хуш кўриши ёки китобнинг видео шаклидаги вариантини танлаши мумкин.

Инновацион кутубхона коллеж ўқувчилари ўз меҳнати билан ишлаб чиқарган маҳсулотлардан келиб тушган қарийб 20 миллион маблағ эвазига барпо этилган. Коллеж раҳбари Музаффар Аббосовнинг қўшимча қилишича, ўқувчилар айни кунда 24 турдаги тайёр кийим-кечак маҳсулотлари, эшик-дераза ромлари ва дарвозалар ишлаб чиқариш эвазига ойига 8-10 миллион сўм даромад қилади.

Ҳозирги вақтда коллеж вилоятдаги 4 та ЯТТ билан доимий шартномага эга бўлиб, буюртмачиларга тайёр маҳсулотлар етказиб беради.