Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтказилаётган «Ёш китобхон» танловининг 2019 йилги низоми тасдиқланди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.

Фото: Ёшлар медиа маркази

Низомга кўра, танлов тўрт босқичда ташкил этилади. Биринчи босқич аризалар қабул қилиш ва саралаш босқичи бўлиб, унда танловда иштирок этиш истагини билдирган иштирокчиларнинг аризалари 15 май кунига қадар Ёшлар иттифоқининг туман, шаҳар кенгашлари томонидан қабул қилинади.

Ариза топширган ёшлар адабиётлар рўйхати асосида ўзбек ва жаҳон адабиётига, буюк адиблар ҳаёти ва ижодига оид 50 та тест саволларига жавоб бериш орқали сараланади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 2 баллдан берилади. Тест натижаларига кўра 86 ва ундан юқори балл тўплаган 15 нафар иштирокчи кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Иккинчи босқич танловнинг маҳаллий босқичи бўлиб, июнь ойида туман, шаҳарлар миқёсида саралаш босқичида 86 ва ундан юқори баллни қўлга киритган иштирокчилар ўртасида «Ўзбек адабиёти билимдони» ва «Жаҳон адабиёти билимдони» шартлари бўйича ўтказилади.

Учинчи босқич танловнинг ҳудудий босқичи бўлиб, август—сентябрь ойларида «Буюк мутафаккир ва адиб» ҳамда «Бадиий асарлар билимдони» шартлари асосида телетанлов шаклида бўлиб ўтади. Ҳар бир ёш тоифаси бўйича ғолибликни қўлга киритган 1 нафардан жами 3 нафар иштирокчи Республика босқичи учун йўлланмага эга бўлади.

Сўнгги босқич танловнинг Республика босқичи бўлиб, ҳар йили ноябрь—декабрь ойлари давомида «Ўзбек адабиёти билимдони», «Жаҳон адабиёти билимдони», «Шеърият» ҳамда «Буюк мутафаккир ва адиб» каби 4 та шарт бўйича ўтказилади.

Танловнинг Республика босқичида 1-ўринни эгаллаган 3 та ёш тоифасидаги иштирокчиларнинг ҳар бири Президент совғаси сифатида енгил автомобиль, диплом ва «Ёш китобхон» статуэткаси билан тақдирланади.

Учта тоифада 2-ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг ҳар бири компьютер жамланмаси (моноблок), ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан иборат китоблар жамланмаси ва бошқа қимматбаҳо совғаларга сазовор бўлади. Учта тоифада 3-ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг ҳар бирига 100 тадан ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари берилиб, ташкилотчиларнинг махсус совғаларини қўлга киритади.