Москвадаги Тўққизинчи арбитраж суди Ravon расмий дилери Ravon Motors Rus компаниясидан «Телеспорт» компанияси фойдасига 36 миллион рубль ундириб олиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирди, деб хабар қилмоқда Sputnik.

Фото: Sputnik

«Телеспорт» компанияси даъвосига кўра, 2017 йилнинг 28 сентябрида Ravon Motors Rus компанияси билан Футбол бўйича Россия терма жамоасига ҳомийлик қилиш ҳақида шартнома имзоланган. Унга кўра «Телеспорт» ҳомийга «Россия футбол жамоасининг расмий дилери» номидан фойдаланиш ҳуқуқини берган ва телевизион трансляциялар давомида компания рекламасини жойлаштирган.

Шартномага кўра, Ravon «Телеспорт»га 120 миллион рубль тўлаши керак бўлган. Аслида эса 90 миллион тўлаган ва қолган маблағни, молиявий қийинчиликларни сабаб қилган ҳолда, тўламаган. Ушбу ишни кўриб чиққан суд Ravon’дан 30 миллион рубль қолган тўловни ва яна 6 миллион жарима ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш ягона маркази маълумотига кўра Ravon Motors Rus МЧЖнинг ягона асосчиси — «Автосаноат Инвест» МЧЖ (Тошкент).