«Дарё» колумнисти охирги кунларда прописка билан боғлиқ кўтарилаётган муаммоларга ноанъанавий услубда ёндашишга ҳаракат қилиб кўрди.

Келинг, гапимни ички ишлар ходимларини мақташдан бошлайман. Сўнгги вақтда кўк формали акалар бир қарасанг, йўлдан ногиронни ўтказиб қўяётган, бир қарасанг, аккумулятори ўтирган машинани итариб четга суришга ёрдамлашаётган ёки боланинг қўлидан тутиб масжидга йўллаган. Халқимиз ички ишлар ходимларига жазоловчи эмас, ҳимояловчи оғалар сифатида қараши қандай ажойиб... демоқчи эдим, афсуски, яна бир марта қовун тушириб туришибди. Ахир ёши бир жойга борган одам ўз пойтахтида пропискага қўйганларни қандай қилиб «лазейка»дан ўтишга қиёслайди? Шунча қилинган яхши ишлар бир-икки ходимнинг хатоси туфайли йўққа чиқаётгани ачинарли.

Гап халтам шу баҳона очилиб кетди. Ички органларимиз вакиллари биринчи марта қовун туширмаяпти. Вилоятликка ўхшаб кийинган кишини қидиришгани ёдингиздами? Жамоатчилик босимидан сўнг хабарни таҳрирлашгани-чи? 2017 йил августида «бемақсад юрган»ларни тутиб олиб кетишганини эслайсизми? Келинг, айрим ИИВ ходимларининг жамоатчилик кулгисига сабаб бўлган ўша олатасир тадбирларни юмор аралаш эслаймиз. Олдиндан айтиб ўтаман, қуйидагиларнинг барчаси тўқиб чиқарилган.

Фото: Uz24

Ярим тун. Тошкентнинг номи машҳур кўчаларидан бири. Шимининг почасини қўнжи узун этигига тиққан (вилоятликка ўхшаб эмас) кетворган аёл ёлғиз юрибди. ППС машинаси келиб тўхтади. Милиционер сўрайди:

- Ярим кечаси ёлғиз юришдан мақсадингиз борми?

- Мижоз кутяпман. Тирикчилик.

- Кетдик бу ердан, кечаси юришдан мақсади бор экан.

* * *

Соат 24:00 дан ўтган. Тошкентнинг овлоқ кўчаларидан бири. Вилоятликка ўхшаб кийинган кишини қидириб юрган ППС ходимлари юзига ниқоб таққан одамни кўриб қолди.

- Тўхтанг. Ярим кечаси нима қилиб юрибсиз?

- Нариги маҳалладаги фалончининг уйини ўмармоқчиман.

- Демак, мақсадингиз бор экан. Бемақсад юрманг кўчада.

* * *

Шаҳардаги тунги клубнинг қаршисида қош-кўзини бўяган йигит бежирим сумкача билан юрибди. Унга милиция ходими яқинлашди.

- Тўхтанг. Ҳужжатларни кўрсатинг. Ярим кечаси нима қилиб юрибсиз?

- Ҳужжатларим йўқ. Исмим Дилшо-од. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 120-модда. Бойфрендимни кутяпман.

- Яхши, мақсадингиз бор, омад. Сира бемақсад юрманг.

* * *

Ярим тун. Тошкентнинг машҳур кўчаларидан бири. Салла ўраб чопон кийиб олган узун соқолли одам, орқасига рюкзак осиб кетяпти. ППС машинаси келиб тўхтади. Милиционер сўрайди:

- Ярим кечаси нима қиляпсиз?

- Ички Ишлар вазирлиги томонга боряпман, сумкамдаги бомбани ўша ерга ташлаб келаман.

- Ҳа, майли, асосийси мақсадингиз бор. Ёдингизда тутинг – асло бемақсад юрманг.

* * *

Яна бир гап. Грузиянинг машҳур реформатор президенти Михаил Саакашвили ишни Ички ишлар тизимини бутунлай янгилашдан бошлаган. Шунчаки эслатяпман.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.

Аввалги ҳафта ижтимоий муаммолари:

Силикон водийсига интиляпмизми?

Мен ўша бозор бузувчи ҳокимман

Уйдан чиққан динозавр ҳақида

Мен дардимни кимга айтаман…

Ошхўрга ош, ишхўрга иш

«Тароқ» блокбастерига марҳабо

2019 йилда Тошкентда учар автомобиллар қатнови йўлга қўйилади

«Ўзинг нима қилдинг?» «Куракка суяндим»

Юсуфбек ҳожининг смайлиги

Фермер ҳокимни урганда нима бўларди?