«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Дарвоза – ўзимиздан андоза

Фото: Telegram

Шаҳардан ташқарига чиқсангиз, «саноатлашган» ҳудудларда сотиш учун хилма-хил дарвозаларни деворга тираб қўйишганига кўзингиз тушади. Ранг-баранг, мураккаб нақшли дарвозалар. Охирги йилларда модага кирган бу дарвозаларни ўзимизнинг феълимизга, табиатимизга ўхшатаман.

Пресслаб бир қолипга солинган. Нақшлари сиртдан оригиналдек, аммо яхшилаб тикилиб, бир-бирини такрорлашини пайқайсиз.

Чиройли, аммо мўрт. Узоқдан ўзига тортади, яқинроқ келиб бир чертсангиз, бум-бум деган товуш беради.

Худди пишиқ-пухтадек туради. Уйингизга олиб келиб ўрнатмагунча билмайсиз. Эгилиб кетадими-эй. Тирноқ тегиб кетса, сири кўчадими-эй.

Кўплар учун орзу-ҳавас. Шунақа дарвоза ўрнатилмасдан тўй қилинмайди. Ичкари девор шўрлаб, тулаб ётсаям фарқи йўқ, асосийси, ялтироқ сирли дарвоза ўрнатиш шарт. Кўрганлар «ў, тўкис хонадон экан», деб ўйлайди.

Эътибор берганмисиз: аксар ўзбек хонадонларида ҳаммом йўқ. Ҳаммом нима бўпти, қўл ювадиган чинни чаноқ (раковина) йўқ. Тўғри, жўмракли тунука сувдон ёки қўлювгич (умивальник) қўйишади, аммо, қимматроққа тушсаям, чинни чаноқ қулайроқ. Ҳам декоратив. Аммо негадир шундай гигиена жиҳозларини уйга ўрнатишни урфга айлантиролмадик. Ҳожатхоналаримиз аҳволини эслашим билан ҳиди чиқиб кетиши мумкинлиги учун, тилга олмай қўя қоламан.

Биз эса, барибир, ялтироқ ва сирли дарвоза қуришга ўчмиз.

Ёрдам берманг, ўзим тураман

«Барон Мюнхгаузен» мультфильмидан кадр

Машҳур лофчи барон Мюнхгаузен ҳақидаги мультфильмда қизиқ саҳна бор. Кўлга йиқилган Мюнхгаузен ўзининг мўйловидан тортиб юқорига чиқиб олади. Табиийки, ҳаётда бундай қилишнинг иложи йўқ: четдан бирор нуқта бўлмаса, куч ўзи таъсир қилаётган объектга таяниб, уни қўзғалтира олмайди. Мавзуимиз физика эмас.

Human Rights Watch тадқиқотчиси Стив Свердловга таҳдид қилиб, беўхшов саволлар берган видеоблогер Сардор Комиловни кўплаб блогерлар танқид қилиб ёзди (1, 2, 3). Бироқ уни қўллаб-қувватловчилар ҳам оз бўлмаганини адолат нуқтаи назаридан айтиб ўтишимиз лозим (гуруҳдаги муҳокама, тармоқдаги ўз саҳифаси ўчирилган). Сардор тарафдорларининг эътирози: бизга четдан ҳимоячи керакмас, ўзимизни ўзимиз ҳимоялаймиз, юртимизни Сурияга айлантирманг ва ҳоказо. Таниш гаплар-а? 70 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритувчи Human Rights Watch фитна қўзғовчи ташкилот, деб ўйловчилар кўплиги ажабланарли.

Нега шундай? Менинг наздимда, бизнинг аудитория узоқ вақт ташқи манбалардан мутлақо узилиб қолгани бунинг сабабидир. Бўлмаса, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхши эмаслигини, яқин-яқингача халқаро ташкилотлар кўп бора хавотир изҳор қилганини, қонун устунлиги бўйича рейтингларнинг одатда энг пастки поғонасини эгаллашимизни одамларимиз биларди. Афсуски, рус ва инглиз тилидаги маълумотларни кузатмайдиган (аниқроғи, бу тилларни билмайдиган), фақат «.uz» домени билан кифояланадиган аудитория ижтимоий онги ҳануз устунлигича қолмоқда. Бунинг чораси эса тил ўрганиш, ташқи манбалардан ахборот олиш орқали фикрий маҳдудликдан қочишдир. Зотан, тўсилган хорижий сайтларни очишдан ҳам давлатимизнинг мақсади шу аслида.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.