26 июнь куни Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашиджон Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди.

Фото: Олий суд

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашиджон Қодировга, ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, У. Суннатов 19 йилга, А. Мирзаев 15 йилга, У. Хуррамов 14 йилга, Ж. Файзиев 13 йилга, Л. Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Олий суд матбуот хизмати хабарида айтилишича, баъзи ахборот манбалари ва уларнинг ўқувчилари Рашид Қодировга нима сабабдан шерикларига нисбатан камроқ жазо тайинлангани юзасидан саволлар берган.

«Рашид Қодировнинг жазоланиши масаласига келадиган бўлсак, таъкидлаш жоизки, ҳукмни чиқаришда суд амалдаги қонунчиликка қатъий риоя қилди. Бунда айнан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисми ҳақида гап бормоқда, унда эса шундай дейилади: «Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Maxсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас».

Рашид Қодиров ҳукм чиқариш вақтида 60 ёшдан ошганлигини ҳисобга олсак, судланувчига нима сабабдан юқоридаги жазо тайинлангани ойдинлашади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳукмни чиқаришда иш бўйича раислик қилган судья томонидан суд жараёни иштирокчиларига қабул қилинган қарор мазмуни ва моҳияти, унинг устидан шикоят қилиш муддати ва тартиби батафсил тушунтирилган.

Ушбу суд жараёни иштирокчиларигина чиқарилган суд ҳукми устидан шикоят аризаси бериш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.