«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Безатилган «огнетушител»

Вазифаси ўт ўчириш бўлган буюм бор, «огнетушитель» дейилади. Бировга зиёни тегмай уйнинг бир четида туради, аммо ёнғин кетса, энг биринчи ёрдамчи у. Жуда керакли буюм, шунча молимни оловдан асраб қолади, дея ялтироқ безаклар қоплаб сервантга кўз-кўзлаб қўймайсиз. Ёки тиш чўткаси саломатлигингиз ҳимоячиси, аммо уни микроб тегмайдиган, нам тортмайдиган жойда сақласангиз кифоя, чаккага тақиб юриш шартмас.

Фото: «Xabar.uz»

Ўтган ҳафта Тошкент шаҳри ҳокими жаноб Ортиқхўжаев журналистлар учун Media City қуришни таклиф қилди. Журналистларга алоҳида илтифот ҳам кўрсатди. Меҳрибончилик чаккимас. Media City қурилди ҳам дейлик, номидан кўринадики, бу City ҳам катта эҳтимол билан жаноб Ортиқхўжаевнинг раҳнамолигида бўлади. Ойнаванд фасад, ялтироқ эшик-деразалар ортида қимматли асбоб-ускуналар билан таъминланган журналистлар олтин қафасга солиб қўйилмасмикан? «Қуллуқ, хўжайин, қуллуқ!».

Илгари лиқилдоқ стол-стулда ҳокимиятдан ҳуркиб ишлаган ҳуркакларимиз энди полировкаланган мебелларда кимнинг кайфиятига қараб ишлашларини тахмин қиляпман. Ҳа, журналист қалами билан жамиятни тозаловчи фаррошдир, аммо унинг қаламини олиб ўрнига ёзмайдиган безакдор ручка совға қилгандан қандай наф? Унинг ишлаши учун йўлини тўсишмаса етарли. Хабарлари учун жавобгарликка тортишмаса, нозик идорадан телефон қилиб босим кўрсатишмаса, ёзган мақоласини сайтдан олдириб ташлашмаса – шунинг ўзи журналистни қўллаш ҳисобланади. Унга муҳташам кошона зарур эмас.

Журналист аҳлига ғамхўрлик қилишнинг бошқа йўллари ҳам бор. Улар паноҳ топган бино ижарасининг бир четини кўтарсангиз бўлади. Ҳа, «Матбуотчилар, 32» биносини назарда тутяпмиз. Дарвоқе, Media City’дан гап очилгани «Матбуотчилар, 32» кимгадир керак бўлиб қолганинидан дарак эмасмикан?

Уч миллиард сўмни шамолга учирган қўқонликлар

Дейлик, дўстларингиз билан қорнингиз очиқиб турганда бири «ўттиз-ўттиздан ташлайлик, ажойиб ош тайёрлайман», деб ваъдани катта қилди. Амаллаб тайёрлади, аммо уни егандан гуруч қайнатиб сувини ичсангиз мазалироқ. «Башарангга туфлаб юборардим-у, ҳамма қараб турибди-да», демайсизми? Ёки қандайдир бир зукко зўр ваъдалар билан ҳаммадан пул суғуриб, саккиз ғилдиракли велосипед ясади: минай десанг эгари йўқ, тепай десанг педали йўқ. Бунақа ечим топган ақллини қопга солиб, жарга улоқтирсанг, ҳақинг кетади.

Қўқон шаҳрининг Янгибозор номи билан аталувчи асосий бозорида дам олиш куни игна ташласанг, ерга тушмайди. Теваракдаги табиблар кучли массаж олишни истаганларга Янгибозор чорраҳасидан ўтишни тавсия қилади, чунки бозор куни бу ер тирбандликда Хитой билан беллашади. Чорраҳадан ўтишнинг ҳеч бир қоидаси йўқ: қулай фурсатни топиб, аравача, тоғора, товуқ, картошка каби нарсалар билан, камига болангни ҳам қўлтиқлаганча бостириб ўтиб кетаверасан. Светофорга қараш йўқ, машиналар шамоли этагингга етиб келиб, ноилож чийиллаб тўхтайди. Бу бетартибликларимизга туристдан бошқаси кулмайди.

Фото: «Дарё»

Нима бўлди-ю, шаҳар ҳокимият бозор чорраҳаси устида йўлўтказгич қуришга қарор қилди. Кўпчилик бу бетартиблик ва тирбандликка ечим топилганидан умид қилиб суюнди. Сурилиб-сурилиб, охири 2018 йилнинг январида йўлўтказгич битди. Аммо...

Тўғри, даставвал баланд ва чиройли «кўприк»ка ҳавас қилганлар 4-5 метр баландликка кўтарилиб атрофни томоша қилиш учун ундан ўтиб юрди. Аммо ундан ўтиш учун 200 метр наридан келиб, боз устига уйнинг иккинчи қаватига кўтарилгандек лўкиллаганча зинадан чиқиб йўлнинг уёғига ўтиш кимга зарил. Одамлар йўл танлади, ноқулай йўлўтказгичдан шунчаки воз кечди.

Шундай қилиб томлари кўк пластик билан ўралган бу йўлўтказгич ҳозир мушукларга керак бўляпти холос. Одамлар эса худди аввалгидек эски йўлни кесиб ўтяпти (видеони кўринг). Уларни тартибга солиш учун ўн-йигирма чоғли милиционер кун бўйи овора.

Бу лойиҳанинг устида бош қотирганларнинг боши қаерда эди? Наҳотки, минглаб одамни мажбурлаб беш метр юқорига чиқариб бўлади, деб ўйласалар? Бу худди тупканинг тагига кресло қўйиб, одамларни дам олишга боришидан умид қилиш эмасми? Мутахассисларнинг баҳолашича, иншоот қурилишига 3 миллиард сўм атрофида маблағ кетган. Солиқ тўловчиларнинг пулини бу қадар беҳуда лойиҳага сарфлаш исроф эмасми?

Бундан кўра 3 миллиард сўмни баландга чиқиб Қўқон шамоли йўналишида учириб юборган афзалроқ эди. Болалар тутиб олса, савоби тегарди.

Тошкент жазирамасида ҳувиллаб ётган йўлўтказгичлар ҳақида кейинроқ ёзамиз.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.