Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Сурхондарёнинг Денов туманида ҳожатхонага ташлаб кетилган янги туғилган чақалоқнинг аҳволи ҳақида «Дарё»га маълумот берди.

Фото: «Дарё»

Янги туғилган чақалоқ 2 июль куни Денов туманидаги «Лолазор» буюм бозори ҳудудидаги ҳожатхонадан топилган.

Ички ишлар органлари ходимлари ва тез тиббий ёрдам шифокорлари чақалоққа воқеа жойида биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатган. Чақалоқ 2-сонли вилоят перинатал марказига оғир аҳволда олиб келинган. Бола анча вақт назоратсиз қолиб кетгани учун оғир аҳволда бўлган, аммо шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Шифокорларнинг хулосасига кўра, бола чала туғилмаган, вақтида туғилган, касаллик аломатлари топилмаган. Пульмонолог, кардиолог ва педиатр томонидан ўтказилган чуқурлаштирилган текширув ҳам бола соғломлигини кўрсатган.

Айни пайтда бола тиббиёт ходимлари томонидан сунъий озиқлантирилмоқда. Чақалоқ жинси — қиз бола, оғирлиги — 3500 грамм, бўйи — 50 сантиметр.