Наманган вилоятининг Косонсой туман марказида ташкил этилаётган «Яшил хиёбон» ҳудудида халқ таълими тизимида фаолият юритувчи техник ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилди.

Фото: «Kun.uz»

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизматининг ўрганиши натижасига кўра, 2019 йил 28 июнь куни «Обод марказ» давлат дастури асосида ҳар бир таълим муассасасига 10 метрдан жой ажратилиб, директорларга бетон қуйиш ҳамда ободонлаштириш ишларини бажариш юзасидан топшириқ берилган.

Топшириққа асосан 29 июнь куни туман халқ таълими тизимининг 80 нафар техник ишчи-ходимлари янги барпо этилаётган «Яшил хиёбон» ҳудудида «шанбалик» ниқоби остида эни 1,5-2 метр, узунлиги 410 метр жойга бетон қуйиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ф.Н. вазифасидан озод этилди. М.Аллохонова Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасига тайинланди.

Косонсой туманидаги умумтаълим мактабларининг 80 нафар ишчи-ходими мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида Бош прокурор номига жорий йилнинг 4- июль куни хат юборилди.