«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Адолатнинг боғланган кўзлари

Қадимги юнонларнинг адлия маъбудаси Фемиданинг кўзи боғлиқ тасвирланганига эътибор қилганмисиз? Бу холислик, бетарафлик рамзидир. Кимгадир ачинмаслиги учун эмас, фақат бир тарафга ён босиб қўймаслиги учун кўзи боғланган. Чунки у қонун ва адолат рамзи, қонун олдида эса ҳамма тенг бўлиши керак.

Фото: Google Photos

Бизга кўпхудолик хос эмас. Аммо борди-ю Фемидани тасвирлашга эҳтиёж туғилса, унинг кўзидаги боғични ечиб тасвирлаш керак бўлади. Боғич йўқ, кўзлар эса тўғридан тўғри маҳкумнинг чўнтагига лўқ қараб турган ҳолда тасвирласак бўладими? Жуда қўпол чиқди, деманг. Шу кунларда катта миқёсда бу ҳолнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

15 йил собиқ бош прокурор лавозимида ишлаган инсон пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилса, аммо ёши туфайли ўн йилга ҳукм қилинса, юмшоқ қилиб айтганда ғалати. Ёши сабабли камроқ муддат берилибди. Ёши 60 дан ошган бошқаларга ҳам шундай енгиллик мавжудми? Шубҳа қиламан.

Гулнора Каримованинг қизи июнь ойида ДХХ раиси ва Бош прокуратурага онасига руҳий босим ўтказилаётгани ҳақида ариза ёзганди. Кўргани бормаган масъул қолмади. Швейцариялик ажнабий адвокати келиб, Зангиотада соатлаб кутиб ўтирди. Бир ҳафта ўтгач, Омбудсман бориб кардиология, неврология, гастроэнтерология, эндокринология ва гинекология соҳасидаги етакчи мутахассислар ёрдамида олий мақомли маҳбусанинг ҳолатини ўрганилганлиги ҳақида ахборот берди. Бунинг устига, Адлия вазирлиги аёллар колониясида махсус ўрганиш ўтказди.

Ҳаммаси яхши... фақат бошқа маҳкумларнинг аризалари шунчалик синчиклаб ўрганиладиган даврга қачон келамиз? Ҳар ўн маҳкумдан етти-саккизтаси ҳеч бўлмаса бир марта ариза ёзади. Аммо уларга «тўғри тушунтириб юборилади» ёки мактуби ташқарига чиқармай қўяқолинади. Маҳкумларнинг хатлари икки ойлаб кечикади. Аммо мудраб ётган қонун-қоидалар бойга келганда мотордек ишлаб кетади.

Қозиқ айланаётган филлар

Фото: «Kun.uz»

Ёзишларича, Ҳиндистонда занжирлаб қўйилган бир фил қозиқнинг атрофида эллик йил айланибди, занжирни ечиб юборишса ҳам қозиқ атрофида яна эллик йил айланган экан. Ўрганиб қолган-да. Косонсойда ўқитувчиларга бетон қуйдиришганини кўриб, шу воқеа эсимга тушди. Йўқ, ўқитувчиларни камситмаяпман (аслида уларни бошқалар камситяпти), аммо бутун бошли давлатнинг қонунлари-ю қарорлари, ҳуқуқшуносдан тортиб вазиргача ўқитувчини мажбуран ишлатилишини тақиқлаб турган бир вақтда индамай қўлга курак олиш ҳам мақтагулик ҳолат эмас-да.

Қўпол бўлса ҳам айтиш керак: ҳуқуқ тепадан берилмайди, пастдан олинади. Ортиқча иш буюрса, бош тортиш, вазирлик сайтига, Telegram каналига, порталга шикоят қилиш, борингки, саботаж қилиш имконияти ҳамиша бор. Биласизми, ўқитувчилар ёппасига пахтага ҳайдалган йилларда ҳам «закончи»лигидан, «ёзувчи»лигидан пахтага чиқарилмаган мактаблар бор. Уларнинг тажрибасини мамлакат бўйлаб ёйиш керак.

Шунақа гаплар. Бу гал давлат томон бўлиб айтаманки, ҳукумат ўқитувчининг нуфузини кўтариш учун астойдил уриняпти, ўзимиз томондан ҳам ҳаракат бўлиши лозим. Акс ҳолда занжирининг атрофида яна 50 йил айланган филга ўхшаб қоламиз.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.