Зангиотадаги «Чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилишга доир қонунчилик ижроси» мавзуидаги минтақавий ўқув семинари иштирокчилари кўз ўнгида наслли буқадан уруғ олиш учун буқани буқага «қўйилгани» ростми? Бу саволга «Ўзнаслчилик» давлат корхонаси раҳбари Олимжон Маматқулов изоҳ берган.

Фото: «Халқ сўзи»

— Тадбир қатнашчилари шу соҳа вакиллари эмасми, уруғ олиш, қадоқлаш жараёнларини кўрсатиб беришимизни илтимос қилишди, — дейди Олимжон Маматқулов. — Бу кўпчилик тасаввуридаги ножўя хатти-ҳаракат эмас, балки чорвачилик ривожи йўлидаги илмий жараён. Бу ҳақда билиб-билмасдан гапириш ярамайди. Вазиятга баҳо бериш эса мутахассисларнинг иши. Чунки наслли буқаларни уруғ олишга ўргатишнинг бир неча усуллари бор. Чорва молларига сакратиш бутун дунёда қўлланиладиган самарали йўл ҳисобланади. Ўша куни ташқи омиллар, одамларнинг кўплиги, шовқин буқаларга таъсир кўрсатиб, манекен (махсус мосламаса)га сакрамади. Ноилож, дунё тажрибасида синалган бошқа усулни қўллашга мажбур бўлдик. Яъни буқа буқага сакратилди, холос.

Кўпчилик бу ҳолатни қабул қила олмаяпти. Мантиқан тўғри ҳам. Чунки буқани сигирга сакратиш мумкин эдику?

— Халқаро тажрибада буқадан уруғ олиш учун сигирга сакратиш тавсия этилмайди, — дея суҳбатга қўшилади селексиячи олим, академик Убайдулла Носиров. — Бу турли йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин. Дунёдаги наслчилик корхоналарнинг барчасида шу усулдан фойдаланилади. Германия, Болгария, Венгрия, Хитой, Россияда бўлганимда ўзим гувоҳ бўлганман. Мана бу илмий журнал Россияда чоп этилади. Ундаги суратларга эринмай қараб чиқинг. Ҳаммасида буқаларга сакратилган. Буқаларда жинсий сезувчанлик юқори бўлади. Баъзида манекен тугул, сигир тулупига ҳам қарамайди. Ана шундай пайтда буқаларга сакратилади. Бу шов-шув қиладиган нарса эмас.

Қизиқ, табиий йўли бўла туриб, нима сабабдан жаҳон наслчилик тажрибасида сунъий уруғлантиришдан фойдаланилмоқда?

Мутахассисларнинг тушунтиришича, бу иқтисодий жиҳатдан самарали. Чунки битта буқа табиий ҳолда йилига 60 та сигирни қочириши мумкин экан. Бир марта олинган уруғ дозаси билан эса 200 бош сигирни сунъий уруғлантирса бўларкан.

Қолаверса, селекция ишларини кенг кўламда олиб бориш имконияти туғилади, турли касалликлар тарқалишининг олди олинади. Энг муҳими, пода насли тез яхшиланиб, маҳсулдорлиги ортади.