11 июлнинг эътиборга молик янгиликлари — «Дарё» дайжестида.

Фото: ЎзА

Гулнора Каримова колонияда оила аъзолари билан учрашди.

Маҳкума Гулнора Каримова ўзининг узоқ муддатли учрашув ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда 2019 йилнинг 7 июль кунидан 10 июль кунига қадар, ўз оила аъзолари билан уч кунлик – узоқ муддатли учрашувда бўлди.

Учрашувдан сўнгги фикр ва таассуротларини ўрганиш мақсадида Имон Каримова билан суҳбат ўтказилганда, у онаси Гулнора Каримованинг айни пайтда соғлиғидан шикояти йўқлигини, зарур ҳолларда муассаса тиббиёт бўлими ходимлари томонидан ўз вақтида алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, онасига нисбатан Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмаётганлигини билдирди.

Бундан аввалроқ эса Имон Каримова Instagram’даги саҳифаси орқали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаб, онасини озод қилишни сўраган.

***

Сирдарёда касалхонада вафот этган 4 яшар боланинг отаси икки шифокорни пичоқ билан жароҳатлади.

8 июль куни 2015- йилда туғилган бемор М.С. «Ўткир респиратор касаллик. Гипертермик синдром» ташхиси билан оғир аҳволда ётқизилган. 10 июль куни беморда безовталик, кўнгил айниб, қайт қилиш кузатилган. Врач-педиатр Н.Эсанова томонидан бемор зудлик билан болалар реанимацияси бўлимига олиб чиқилиб, реанимация муолажалари кўрсатилган. Шунга қарамасдан соат 12.10 да беморда биологик ўлим кузатилган.

***

Абитуриентлар рекорди янгиланди: 78 ёшли эркак олий таълим олмоқчи.

Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига Сурхондарё вилояти, Ангор тумани, «Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1941 йил 13 апрелда туғилган фуқаро Маматқул Бердиалиев ҳужжат топширди.

***

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси: Деновда боласини ҳожатхонага ташлаб кетган аёлнинг қариндоши номусига теккан.

Маълум бўлишича, оилада 6 фарзанд — 2 нафар ўғил, 4 нафар қиз улғаймоқда. Ф.Т.нинг маълумоти ўрта махсус, отаси ишлашга рухсат бермаганлиги учун уйида тикувчилик билан шуғулланиб келган. Амакисининг ўғли, 1990 йилда туғилган ўзи билан бир маҳаллада яшовчи А.Т., унинг номусига теккан.

***

Самарқандда боғчадаги эътиборсизлик сабаб бир боланинг бармоғи узилиб тушди.

«Дарё»га мурожаат қилган Санжар Ҳасановнинг бувиси Азиза Маъмурованинг маълум қилишича, набирасининг бармоғи узилиб тушганидан сўнг тарбиячи уни қўрқитиб ухлатиб қўйган. Шу тариқа салкам 5 соат давомида болага тиббий ёрдам кўрсатилмаган.