Бир неча кун муқаддам Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг 2019 йил биринчи ярмидаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги режалари тўғрисидаги анжуман бўлиб ўтди. Унда турли мавзулар қаторида газ ва электр энергиясидан таъминлаш ва ундан фойдалаиш хусусида сўз борди. Қўмита раиси Муҳаммад Жумагалдиевнинг маълум қилишича, жаҳондаги ва қўшни мамлакатлар билан солиштирганда, газ ва электр энергияси тарифлари уларга нисбатан 2–3 баробар, айримларида эса 5–6 баробар арзон экан. Шунинг учун электр энергияси ва газ нархи секин-аста оширилади, жаҳон мамлакатларидаги нарх билан тенглаштирилади.

Муҳаммад Жумагалдиев.
Фото: «Дарё»

Амалдорнинг бу сўзларини шарҳлашни сўраб энергетика бўйича илмий тадқиқотчи Сарвар Қурбоновга мурожаат этдик. У жаҳондаги ва Ўзбекистондаги нархларни қиёслаб, ўз хулосаларини  берди.

Муҳаммад Жумагалдиевнинг сўзларига кўра, газ ва електр энергияси тарифлари жаҳондагидан ва қўшни мамлакатлардагидан анча арзон экан. Унинг бу иддаоси тўғрими? Менимча, бу гап шошқалоқлик билан, кўп ҳудудларни ўрганмай айтилган. Қўшниларимиздаги ўртача иш ҳақи ва электр энергияси нархини солиштирамиз.

Фото: Google Photos

Энг яқин қўшнимиз – Қозоғистонда ўртача ойлик иш ҳақи 664 доллар. Электр энергияси нархи табақаланган бўлиб, турли тарифлар мавжуд. Ўртача нархни аниқлаб, шу бўйича таҳлил қилсак.

  • Юридик шахсларга – 0,038 доллар ёки 14,54 тенге/кВт*соат (ҚҚСсиз);
  • Аҳоли учун – 0,03 доллар ёки 11,57 тенге/кВт*соат (ҚҚС билан).

Аҳолининг ўртача энергия истеъмолини ўртача ойига 300 кВт*соат деб олсак, 9 долларга тўғри келади ва ўртача ойликнинг 1,3 фоизини сарф қилишни тақозо этади.

Мамлакат асосий электр энергиясини ИЭС ВА ГЭСлардан олади.

Қирғизистон: ўртача ойлик – 220 доллар.

  • Юридик шахсларга – 0,011 доллар ёки 77 сом/кВт*соат (700 кВт*соатгача, ҚҚС билан);
  • Аҳоли учун – 0,031 доллар ёки 2,16 сом/кВт*соат (700кВт*соатдан юқориси, ҚҚС билан).

Аҳолининг энергия истеъмолини ойига ўртача 300 кВт*соат деб олсак, 9,3 долларга тўғри келади ва ўртача ойликнинг 4,2 фоизини сарф қилишни тақозо этади.

Мамлакат асосий электр энергиясини ИЭС ВА ГЭСлардан олади.

Тожикистон: Ўртача иш ҳақи – 182 доллар.

  • Юридик шахсларга – 0,05 доллар ёки 47,13 дирам/кВт*соат (ҚҚСсиз);
  • Аҳоли учун – 0,021 доллар ёки 19,37 дирам/кВт*соат (ҚҚС билан).

Аҳолининг энергия истеъмолини ойига ўртача 300 кВт*соат деб олсак. 6.3 долларга тўғри келади ва ўртача ойликнинг 3,4 фоизини сарф қилишни тақозо этади.

Мамлакат асосий электр энергиясини ГЭС ва ИЭСлардан олади.

Туркманистон. Ўртача иш ҳақи – 170 доллар.

  • Юридик шахслар учун – 0,018 доллар ёки 0,0628манат/кВт*соат (ҚҚСсиз);
  • Жисмоний шахслар учун – 0,0071 доллар ёки 0,0250 манат/кВт*соат (ҚҚС билан).

Аҳолининг энергия истеъмолини ойига ўртача 300 кВт*соат деб олсак, 2.13 долларга тўғри келади ва ўртача ойликнинг 1,25 фоизини сарф қилишни тақозо этади.

Мамлакат асосий электр энергиясини ГЭС ва ИЭСлардан олади.

Афғонистон. Ўртача иш ҳақи – 47 доллар.

Бу мамлакатда тариф бўйича нархларни топа олмадим, аммо биз уларга 0,05 доллар/кВт*соат нархида етказиб берамиз.

Аҳолининг энергия истеъмолини ойига ўртача 300 кВт*соат деб олсак, 15 долларга тўғри келади ва ўртача ойликнинг 31 фоизини сарф қилишни тақозо этади.

Мамлакат асосий электр энергиясини сотиб олади, ҳозир айрим ҳудудларда қуёш электростанциялари қуряпти.

Россияда ўрта ҳудудлари бўйича ўртача маош – 670 доллар.

  • бир тариф бўйича шаҳар зона (Москва) – 0,086 доллар ёки 5,47 рубль/кВт*соат (ҚҚС билан);
  • ўртача аҳоли учун нарх – 0,06 доллар ёки 3,83 рубль/кВт*соат (ҚҚС билан).

Аҳолининг энергия истеъмолини ойига ўртача 300 кВт*соат деб олсак, 18 долларга тўғри келади ва ўртача ойликнинг 2,6 фоизини сарф қилишни тақозо этади.

Мамлакат асосий электр энергиясини ГЭС ва ИЭСлардан олади.

Энди биздаги вазиятга тўхталсак.

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи – 187 доллар.

  • Жисмоний шахслар учун – 0,029 доллар ёки 250 сўм/кВт*соат (ҚҚС билан).

Аҳолининг энергия истеъмолини ойига ўртача 300 кВт*соат деб олсак, 8,7 долларга тўғри келади ва ўртача ойликнинг 4,6 фоизини сарф қилишни тақозо этади.

Мамлакат асосий электр энергиясини ГЭС ва ИЭСлардан олади.

Кўриниб турибдики, айрим қўшниларда нарх биздагидан пастроқ, айримларида эса бироз юқори. Лекин бу кичик тафовут қўшниларда тарифлар 2–3 баробар юқори дейишга асос бермайди.

Тўғри, Европада нархлар бироз юқори, лекин бунинг сабаблари бор: Европанинг ўз энергоресурлари йўқ, улар ёқилғи сотиб олади. Германияни кўриб чиқамиз.

Ўртача иш ҳақи – 3 624 доллар.

  • Ўрта тариф – 0,30 доллар/кВт*соат (ҚҚС билан).

Аҳолининг энергия истеъмолини ойига ўртача 300 кВт*соат деб олсак, 90 долларга тўғри келади ва ўртача ойликнинг 2,5 фоизини сарф қилишни тақозо этади.

Мамлакат асосий электр энергиясини ГЭС, ИЭС ва АЭСлардан олади. Энергетик ресурсларнинг деярли барчасини сотиб олади.

Яқинда энергетика вазири Алишер Султонов берган интервьюсида Германияда электр энергияси нархи биздан кўра 10 баробар қимматлиги, биз энергия ресурсларига ҳақ тўлашимиз, менталитетимизни ўзгартиришимиз кераклигини айтди. Бу бир қарашда тўғри, аммо улар энергия ресурсларини сотиб олишини ва ойлик иш ҳақи қиёслаб бўлмайдиган даражада юқорилигини ҳисобга олсак, бу жуда кулгили мисол.

Алишер Султонов.
Фото: «Kun.uz»

Бундан ташқари, электр энергиясининг арзон-қимматлигини баҳолаганда унинг валютадаги соф нархи эмас, ойлик тўловнинг маошга нисбатан улуши ҳам инобатга олиниши лозим. Деярли барча давлатларни ҳисоблаганимизда, фуқаролар электр энергияси учун ўртача ойлигидан деярли 4 фоиздан ортмаган миқдорда ҳақ тўлайди. Юқорида кўп давлатлар бўйича солиштирганимизда маълум бўлдики, Ўзбекистондаги нарх ўртача иш ҳақига нисбатан анча қиммат.

Биз электр энергияси нархини оширамиз дейилишига сабаб, энергия ишлаб чиқариш, сотиш, тарқатиш ва етказишдаги умумий йўқотишлар катта – ишлаб чиқарилган энергиянинг 20 фоизидан ошиқ. Бу кўрсаткич Африка давлатларида ҳам пастроқ ҳатто. Мисол учун, ЖАРда йўқотишлар 10 фоиз атрофида.

Бундан ташқари, кўплаб станцияларимиз маънан эскирган, коррупция кучлилиги боис жорий ва тўла таъмирлашда кўплаб кўзбўямачиликларга йўл қўйилган. Ўйлаб қилинмаган ишлар кўп, масалан, Сирдарё ИЭСга катта пул сарфланиб, қуввати оширилган, аммо олиб келинган техник ускуналар айрим сабабларга кўра ишлатилмаяпти.

Яна эски ИЭСларни таъмирлашга катта маблағ ажратиляпти. Бундай ишлар эса кўп маблағ ва инвестиция талаб этади. Пул сарфлангандан кейин уни қайтариб олиш масаласи қўйилади ва яна жабр истеъмолчилар гарданига тушади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, маъсул шахслар халқни асоссиз важлар билан алдамай, ишларни шаффоф бажариши керак. Исрофни камайтириш ва электр тармоқларида энергияни тўғри тақсимлашни йўлга қўйиш ҳам деярли катта электр станциясини қуриш билан баробар ҳисобланади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.