Самарқанд шаҳар Сўғдиёна массиви Ал-Бухорий маҳалласида қурилаётган «Ёшлар меҳнат гузари» биноси бетон плиталари қулаши Самарқанд вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Акмал Шукуров, вилоят Қурилиш бошқармаси раҳбари Баҳром Назаров, Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи Жамшед Қодиров ва бошқа мутассадди ташкилотлар томонидан бориб ўрганилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Қурилиш бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Фото: Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармаси

Маълум бўлишича, ушбу объектга 2018 йилнинг 28 сентябрида Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Талант Эсиргапов томонидан имзоланган 1745-Қ-сонли фуқаро Шерзод Шарипов томонидан умумий майдони 200,0 кв метр ер бўлган бинога шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида «Ёшлар меҳнат гузари» қуришга рухсат бериш ҳақида қарор чиқарилган.

Бинони қуриш учун Самарқанд шаҳар архитектура ва қурилиш бўлимининг 2018 йил 8 октябрдаги 439-сонли архитектура-режалаштириш топшириғи тайёрланган. Бироқ бошқа ҳеч қандай шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан қурилиш ишлари амалга оширилган.

Фото: Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармаси

– Объектга тайёрланган архитектура-режалаштириш топшириғига асосан лойиҳа ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Бино лойиҳаси «Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши»да кўриб чиқилмаган ва белгиланган тартибда тасдиқланмаган, — дейди вилоят Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Баҳром Назаров. – Шунингдек, лойиҳа ҳужжатларига экспертиза ижобий хулосаси, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун вилоят Қурилиш соҳасидаги назорат инспекциясидан рухсатнома олинмаган.

Бундан ташқари, объектда ёпиқ ишлар далолатномаларини расмийлаштириш ҳамда ишчиларни қурилишда техника хавфсизлиги қоидалари билан таништириш ва унга риоя этилиши бўйича қайдномалар китоби юритилмаган. Объектда ишлар қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ олиб борилмаганлиги сабабли, монтаж қилинган темир-бетон плиталар қурилиш нормаларига тўлиқ риоя этилмаган ҳолда ўрнатилиши натижасида ушбу ҳолат юзага келганлиги аниқланган.

Фото: Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармаси

– Ўрганиш давомида бинога ўрнатилган темир-бетон плиталарнинг юк кўтариш қобилиятлари инобатга олинмасдан плиталар устига меъёрдан ортиқча юк (қум, шағал) чиқарилиши натижасида плиталар юк оғирлигига дош бера олмасдан синганлиги аниқланди, — дейди қурилиш назорати инспекцияси бош мутахассиси Умар Мирзаев. – Бинонинг юқори қисмида ўрнатилган темир-бетон плиталар синиши ва пастга қулаши натижасида пастки қаватдаги темир-бетон плиталарига ҳам зарар етган. Ҳодиса натижасида жами 6 дона темир-бетон плиталар шикастланган. Темир-бетон плиталарнинг синиши бинонинг умумий конструктив ҳолатига зарар етказмаган ва фуқаролар жабрланиши ҳолатлари мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 8-банди 3-хатбошисига асосан амалга ошираётган қурилиш ишлари ноқонуний қурилиш эканлиги ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида Шерзод Шариповга юқоридаги ҳолатларга кўра батафсил тушунтиришлар берилди ҳамда иморатни ўн беш кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этиш (бузиб ташлаш) тўғрисида огоҳлантирилди.

Фото: Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармаси

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларга асосида тегишли мутассаддилар томонидан мазкур объект ноқонуний, ўзбошимчалик билан қурилаёган бино эканлиги аниқланди. Шаҳар ҳокимлиги хўжалик ҳисобидаги капитал қурилиш дирексияси раҳбари, Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғига мазкур объектни қурган фуқаронинг ўзи томонидан 13 июлдан бошлаб тўлиқ бузиб олинишини қатъий назорат қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳининг ўрганишидан сўнг фуқаро Шерзод Шарипов томонидан объектни бузиш ишлари бошланди. Бузиш ишлари тўхтаб қолса ўрнатилган тартибда тегишли суд органлари орқали буздирилиши тўғрисида фуқаро Шерзод Шарипов огоҳлантирилди.

Маълумот учун, собиқ Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Талант Эсиргаповнинг 2018 йилда имзолаган қарорларининг қонунийлиги юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.