«Маҳалла» газетасида Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Шерзод Муҳаммедовнинг «1 августдан ойлик иш ҳақи неча фоизга ошади?» номли мақоласи чоп этилди.

Фото: Google Images

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 12 июлда «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Фармон ҳар йили қабул қилинадиган ҳужжатлардан фарқ қилади. Сабаби нафақат ойликларни кўтариш масаласи, балки ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилган.

Минимал иш ҳақи энди 223 000 сўм!

Ҳужжатда кўрсатиб ўтилганидек, шу йилнинг 1 августидан бошлаб иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баробар, яъни 10 фоизга оширилиши, ногиронлик пенсиялари 50 фоиздан 75 фоизгача кўтарилиши, уларнинг айримларига эса 25 фоиз миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади. Хўш, баробар ва фоизларда намоён бўлаётган рақамлар иш ҳақига тўловларни, пенсиядаги маблағларни қўлимизга қабул қилганда қанчалик тош босади?

Қайд этиш ўринлики, фармонда назарда тутилган ўзгаришлар камида 2,5 миллиондан ортиқ бюджет ташкилотида ишловчи ходимларнинг иш ҳақи, 84 мингга яқин талабанинг стипендияси, 267 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахснинг нафақаси ҳамда 3,3 миллиондан ортиқ пенсионернинг пенсия миқдори оширилишига бевосита таъсир қилади.

1 августдан Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи 223 000 сўм миқдорида белгиланмоқда. Таъкидлаш жоизки, минимал иш ҳақи миқдорининг ошиши, ўз навбатида, ўртача ойлик иш ҳақининг кўпайишига ҳам олиб келади. Дейлик, шу санадан эътиборан, ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2,4 миллион сўм, шифокорларда 2,1 миллион сўм, маданият ва спорт соҳаси ходимларида 2 миллион сўмни ташкил этади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга қандай қулайликлар яратилади?

Ҳужжат билан пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг моддий таъминоти ҳам яхшиланади. Эндиликда ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори ойига 436 150 сўмни ташкил этади. Фармонда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан, минимал миқдорларда нафақа олувчиларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, болаликдан ногиронлиги бўлган 300 мингга яқин шахсларга бериладиган нафақанинг энг кам миқдори ҳам эндиликда 436 150 сўм этиб белгиланди.

Шу билан бирга, II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсияси энг кам миқдорини белгилашга нисбатан ёндашувлар ҳам тубдан қайта кўриб чиқилди. Хусусан, янги тартибга кўра, бундай тоифадаги шахслар пенсиясининг энг кам миқдори — ҳозирги ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилди. Ушбу ўзгартириш қарийб 50 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахснинг пенсия миқдорини ўртача 145 фоизга оширишни таъминлайди. Ўз навбатида, II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига устама миқдори ҳам ҳозирги энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига кўтарилди. Яъни ҳар ойлик пенсияси миқдорига яна қўшимча равишда 55 750 сўм қўшилади.

Кимлар учун қўшимча тўлов жорий қилинади?

Маълумки, шу вақтга қадар пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган нафақа олувчиларнинг нафақа миқдорларига қўшимчалар умуман белгиланмаган. Эндиликда илк бор I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинмоқда. Бу энг камида 23 мингдан зиёд шахснинг нафақасига 55 750 сўм қўшимча ҳақ қўшилади деганидир.

Боқувчисини йўқотганлик нафақалари оила аъзоларининг сонига нисбатан амалдаги фоиз ҳисобида ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади. Масалан, ҳозирги кунда икки нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоси учун ҳар ойда 182,5 минг сўм нафақа олаётган оила, жорий йил августдан бошлаб ҳар ойда 327,1 минг сўм ёки қўшимча 144,6 минг сўм (79,2 фоиз) кўпроқ нафақа олишади.

Иш ҳақи миқдорининг ошиши муносабати билан Президентнинг 2019 йил 21 майдаги тегишли фармонига ҳам ўзгартириш киритилиб, жорий йил 1 сентябрдан «энг кам ойлик иш ҳақи» ўрнига киритилаётган «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори» 577 170 сўмдан 634 880 сўмга оширилди.

Фармонда кўрсатилган ўзгаришлар билан боғлиқ барча харажатлар Давлат бюджети ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиб, жорий йилнинг ўзида айни мақсадларга 3,5 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилади.