«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Ҳадик ва журъат ҳақида

Бундан бир асрча муқаддам юртимиз уч хонлик қўл остида эди. Бу хонликларда ҳозиргидай оммавий нашрлар бўлмаган. Бори ҳам муаммони етти қават тўнга ўраб, тахаллус остида чоп этарди. Хон ва турли давлат ишларини эгаллаган қариндошларини танқид қилиш-ку, бошни кундага қўйишдек эди. Биз ўша хонликлар фуқароларининг авлодимиз.

Фото: Instagram / Отабек Умаров

Триатлон федерацияси раиси Тошкент кўчаларида соатига 201 километр тезликда машина ҳайдашини ҳамма кўрди, аммо очиқдан-очиқ танқид қилишга истиҳола қилди. Катта эҳтимол билан айтамизки, чўчиди. Жарима тўласин, дегувчилар ҳам саноқли кишиларни ташкил қилди. Ким билади дейсиз, эртага эшик тақиллаб қолса-чи, бола-чақа бор, тинч тураверайлик, бир марта тез ҳайдаса ҳайдабди-да, йигит киши тезликни севади, қолаверса, бировни уриб кетмаган бўлса, танқид қилиб нима бор, ўзи ёмон йигитга ўхшамайди. Аммо бу иш қоидабузарлик эканлигини деярли ҳаммамиз билардик. Қонун олдида Ўзбекистон фуқаролари тенглигини ҳам билардик.

Авваллари эски радионинг пишиллаган тўлқинлари узра «Озодлик», «Америка овози»ни яширинча тинглардик. Кейинроқ прохй деган тўсиқбузар пайдо бўлгач, билдирмайгина «Fergana.ru», BBC, CentrAsia каби нашрларни ўқий бошладик. Тунда браузернинг «инкогнито» саҳифаси орқали ўқиб ўтирганимизда кўчада машина овози келса сакраб тушардик: нимани ўқиётганимни сезиб келишдимикан? Афсуски, ичимиздаги ҳадик эркин фикрлашимиз ва муносабат билдиришимизга ҳамон тўсиқлик қилмоқда. Ҳануз жиддий масалаларда ҳазиломуз ёзишни афзал кўрамиз, чунки кинояли фикрни турли талқин қилса бўлади-да.

Аммо ўтган ҳафтадаги воқеа жамиятимизнинг ўнлаб йиллик қолипларини синдирди. Президентнинг куёви қоида бузгани учун жарима тўлади. У ҳам инсон, уни ҳам муҳокама қилиш мумкинлиги ва хатолардан холи эмаслиги омма кўз олдида тан олинди. Жамоатчилик босими дейсизми ёки бошқача талқин этасизми – жарима тўлагани факт, квитанц

ия турибди. Энди жамоатчилик янада фаоллашса бўлади. Вазирлар, прокурорлар, ҳокимлар ва уларнинг яқинлари қоида бузмайдими? Бузиши мумкин, демак жазосини олиши шарт. Чунки яққол прецедент (ўрнак бўларли ҳодиса) энди бор.

Узунқулоқ гапларга кўра ҳозир Лондонда яшаётган 25 яшар бир йигитча ҳам илгари Тошкент кўчаларида тез машина ҳайдагани учун икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган ва, табиийки, ҳаммаси бости-бости қилинган. Чунки ўшанда жамоатчиликда ҳадик бор эди, журъат эса йўқ эди.

Уники оқ, меники эса оппоқ

Ботир Хўжаев.

Фото: «Kun.uz»

Ҳар ҳафта давлат амалдорларимиздан қизиқ-қизиқ чиқишлар содир бўлади. Бу гал иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаевнинг навбати:

«...Инфляцияга келсак, бизда инфляция даражаси юқори эмас. Тўғри, инфляция юқори, лекин биздан ҳам юқори давлатлар ҳам бор – масалан Венесуэла...»

Ажойиб ўхшатиш. Ривожланган давлатлар билан солиштириш ўрнига, қаттиқ санкциялар остидаги инқирозли ва нотинч Венесуэла билан таққослаб вазир жаноблари нима демоқчи? Ҳеч йўқ шулардан тузукроқмиз-ку, эплаб-сеплаб яшайвер, демоқчими? Бу қандай ёндашув бўлди?

Ёмон касал юқумли бўлади, дейдилар. Келинг, тасаввур қиламиз, ушбу мантиқдан келиб чиқсак, бошқа мансабдорлар қандай важ-корсонлар келтираркан?

Бош прокурор: Бизда коррупция даражаси юқори эмас. Тўғри, коррупция юқори, лекин биздан ҳам коррупциялашган давлатлар бор, масалан Сомали.

ЎФФ президенти: Футболчиларимиз аъло ўйин кўрсатмоқда. Тўғри, дарвозага теполмаяпти, бироқ тоғ ёнбағрида жойлашган Бутан давлатини осонгина ютади.

Ўзгидромет директори: Ҳаво қаттиқ исиётгани йўқ. Тўғри, ҳаво исияпти, аммо Африкачалик иссиқ эмас.

Соғлиқни сақлаш вазири: Шифокорларга катта маош берилмоқда. Тўғри, катта эмас, бироқ ЭКИҲ ундан анча кам.

Таълим вазири: Олий таълим даргоҳлари эҳтиёжимиз учун етарли. Тўғри, камчилик бор, аммо масалан Антарктидада биттаям таълим даргоҳи йўқ.

ЎМИ раҳбари: Диёримизда масжидлар талайгина. Тўғри, масжидлар кўп эмас, аммо Тинч океанида биттаям масжид йўқ.

Донолар доноси: Туш асло ўнг бўлмас, ўнг асло туш бўлмас, хуллас ҳаммаси бир гўр.

...Энди эса вазир жанобларининг «Менинг гапимни контекстдан узиб олиб нотўғри талқин қилишди. Аслида мундоқ демоқчи эдим» мазмунидаги чиқишини кутиб қоламиз. Ишонаверинг, бу ҳам анъана бўпқолди.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.