«Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош дунёнинг ядровий қуролга эга мамлакатлари ҳақида ҳикоя қилади.

Аслида инсоният бир-бирига ғанимлик қилиши, бир-бирига қурол ўқталиши, бир-бирини ўлдириши тушунарсиз иш. Аммо не ажабки, инсоният яралган бери боши урушдан чиқмайди. Айниқса дунё бироз маданийлашгандан кейин, ХХ асрда иккита жаҳон урушининг бўлиб ўтгани ва уларда мислсиз вайронагарчиликлар юз бергани, ҳисобсиз одамларнинг ҳалок бўлгани ғоят ачинарли ҳолатдир.

ХХ асрда инсоният ўзини ҳимоя қилиш баҳонасида бир-бирини ўлдириш учун кўз кўриб қулоқ эшитмаган қуролларни кашф этди. Ана шундай қуроллардан бири атом бомбаси ва ядро арсеналларидир.

Атом бомбасининг яратилиш тарихига келсак, уни илк марта 1943–1944 йилларда Иккинчи жаҳон урушида енгилаётган немис олимлари лойиҳалаштиришни бошлайди. Аммо бу лойиҳалар АҚШ разведкаси томонидан ўғирлаб кетилади ва илк атом бомбаси АҚШда яратилади. Синов сифатида тирик одамлар танланади. 1945 йилда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари урушда енгилаётган Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташлайди. Портлаш натижасида ҳар икки шаҳарда ўн минглаб одам ҳалок бўлади, қолганлар ногирон бўлиб қолади ва узоқ яшамайди. Шундан кейин атом бомбасини СССР яратади ва синовдан ўтказади.

Шу тариқа ХХ аср охиригача дунёнинг 10 мамлакати атом бомбаси ва бошқа ядро арсеналларига эга бўлади.

Қуйида бу қайси давлатлар экани ва уларда қанча ядро арсенали борлиги ҳақида маълумот берамиз.

10. Эрон

Фото: Google Photos

Эроннинг ядро қуроли ҳақида ҳеч кимда аниқ маълумот йўқ. Эроннинг ўзи эса бундай қуроли борлигини инкор қилади. Ғарб давлатлари эса «Эрон аллақачон ядро қуролини ясаб синовдан ўтказган ва уни жаҳон ҳамжамиятидан бекитяпти» деб даъво қилади.

Эрон ядро қуролининг асосий ёқилғиси бўлган уранга бой мамлакат ҳисобланади. Эрон раҳбарияти ядро қуроли ҳақида гап кетганда «Биз хоҳласак ядро қуролини ҳозироқ ярата оламиз. Аммо бизнинг мақсадимиз атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш» дейди.

Нима бўлганда ҳам Эроннинг ядро қуроли ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Ҳаммаси тахминга асосланган. Эроннинг ядро қуроли бор давлатлар рўйхатига киритилаётганинг сабаби, гарчи бу давлатнинг ядро қуролига эга эканлигига далиллар бўлмаса ҳам, унинг ҳудудида ядро синовлари ўтказиладиган полигонлар, лабораториялар, уранни бойитиш корхоналари ва ядро физикаси соҳасида кучли мутахассислар борлигидир. Қисқаси, Эронда ядро қуролини осонгина яратиб олиш учун ҳамма шароит бор.

9. Корея Халқ Демократик Республикаси (Шимолий Корея)

Фото: Google Photos

Ядро каллакларнинг сони: 10–60

Илк ядро синови: 2006 йил

Энг сўнгги ядро синови: 2018 йил

Шимолий Корея ядро қуролларини яратиш устидаги ишларни ўтган асрнинг 70 йилларида бошлади.

Ўшанда мамлакат раҳбари бўлган Ким Ир Сен ўз вақтида ядро қуроли яратишда ёрдам сўраб СССР ва Хитой раҳбариятига мурожаат қилган эди. Аммо бу икки мамлакат расмий Пхенянга ядро қуролини яратиш учун жиддий ёрдам бермади. Шундан сўнг Шимолий Кореянинг асосий иқтисодий ҳамкори бўлган СССР тарқаб кетди. Хитой эса фикрини ўзгартирмади ва Шимолий Корея ўзи мустақил равишда ядро қуроли яратиш устида ишлади. Бугун бу мамлакатда, бир манбага кўра, 20 дона, яна бир манбага кўра, 60 та ядро каллаги бор. Мамлакат ёпиқлиги учун бу ҳақда аниқ маълумот ҳеч кимда йўқ.

8. Исроил

Фото: Google Photos

Жанговар ядро каллаклари сони: 80

Илк ядро синови: 1979 йил

Сўнгги ядро синови: 1979 йил

Исроил ўзида ядро қуроллари борлигини ҳеч қачон ошкор этмайди. Аммо бу мамлакат юзга яқин жанговар ядро каллакларига эга эканлиги ҳақида аниқ маълумотлар бор; уларни ўзи яратганми ёки энг яқин иттифоқчиси – АҚШ берганми, буниси ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Мутахассисларнинг фикрича, Исроилга ядро қуролларини АҚШ берган. Чунки Исроил ўзининг нисбатан кичик ҳудудида ядро синовларини ўтказа олмайди.

1979 йилда Атлантика океаннинг жанубида бир нечта шубҳали ядро синовлари ўтказилган ва уларни Исроил ёки ЖАР ўтказган деб тахмин қилинади.

Исроилда ядро қуроллари сақланишининг яна бир муҳим исботи, бу мамлакат «Ядро қуролларини тарқатмаслик ҳақидаги битим»ни имзолашдан бош тортган.

7. Ҳиндистон

Фото: Google Photos

Жанговар ядро каллаклари сони: 120–130

Илк ядро синови: 1974 йил

Сўнгги ядро синови: 1998 йил

Ҳиндистон илк ядро синовларини 1974 йилда муваффақиятли ўтказган бўлса-да, фақатгина ХХ асрнинг сўнггига келиб ўзида ядро қуроли борлигини ошкора тан олди.

1998 йилда уч марта ядро синовини ўтказган Ҳиндистон ўшандан кейин ўзининг ядро синовларини бошқа ўтказмаслик ҳақидаги қарорини эълон қилди.

6. Покистон

Фото: Google Photos

Жанговар ядро каллаклари сони: 130–140

Илк ядро синови: 1998 йил

Сўнгги ядро синови: 1998 йил

1974 йилда Ҳиндистон ядро синовини муваффақиятли ўтказганидан сўнг Покистон ҳам рақибидан ортда қолмаслик учун тадқиқотларга зўр берди. Ўшанда Покистон бош вазири бўлган шахс «Агар Ҳиндистон ядро қуролининг синови муваффақиятли ўтказган бўлса, ҳатто биз унга қўшилиб портлаб ўт-ўланга айланиб кетсак ҳам ўз ядро синовимизни ўтказамиз» деган эди.

Покистон ядро синовларини муваффақиятли ўтказди, фақат Ҳиндистондан 24 йил кейин ва шу тариқа ядро қуроллари бор жаҳондаги саноқли давлатлардан бири бўлди.

5. Буюк Британия

Фото: Google Photos

Жанговар ядро каллаклари сони: 215

Илк ядро синови: 1952 йил

Сўнгги ядро синови: 1991 йил

Буюк Британия ядро қуролига эга мамлакатларнинг биринчи бешталигига кирадиган ўз мамлакати ҳудудида ядро синовлари ўтказмаган ягона давлат ҳисобланади. У ўз синовларини Австралия ва Тинч океанида ўтказган. 1991 йилда Буюк Британия ядро синовларини ўтказишни тўхтатган.

4. Хитой

Фото: Google Photos

Жанговар ядро каллаклари сони: 270

Илк ядро синови: 1964 йил

Сўнгги ядро синови: 1996 йил

Хитой ядро қуролига эга бўлишида СССРнинг ёрдами катта бўлган. Тўғри, СССР Хитойга тўғридан тўғри ядро қуроли яратиб бермаган. Аммо лаборатория, уранни бойитиш заводи, синов полигони қуришда, шунингдек, ядро қуроли яратишда иштирок этган кучли физик олимларни тайёрлаб берган.

Хитой дунёдаги ядро қуроллари йўқ давлатларга ядро қуроли билан ҳужум ва таҳдид қилмаслик ҳақида қарор чиқарган ягона мамлакат ҳисобланади.

3. Франция

Фото: Google Photos

Жанговар ядро каллаклари сони: 300

Илк ядро синови: 1960 йил

Сўнгги ядро синови: 1995 йил

Франция умумий ҳисобда 200 дан ортиқ ядро синовларини ўтказган.

Илк синовларни ўтказишни ўша пайтда мустамлакаси бўлган Жазоирда бошлаган бўлса, сўнгра синовлар Тинч океанидаги Франция Полинезиясида давом эттирилган.

Франция «Ядро қуролларини тарқатмаслик ҳақидаги битим»га ўтган асрнинг 90 йилларида қўшилган.

2. АҚШ

Фото: Google Photos

Жанговар ядро каллаклари сони: 6800

Илк ядро синови: 1945 йил

Сўнгги ядро синови: 1992 йил

АҚШ дунёдаги энг кучли армияга эга давлат ҳисобланади. Шунингдек, у жаҳон давлатлари орасида ҳарбий харажатлар учун энг кўп пул сарфлаш бўйича ҳам мутлақ биринчи ўринда. АҚШнинг 2019 йилдаги ҳарбий харажатлари 700 миллиард доллар атрофида бўлиши маълум қилинган.

Шунингдек, АҚШ жанговар ядро каллаклар сони ва ядро синовлари бўйича ҳам дунёда биринчи ўринда туради.

Шу пайтгача АҚШда 100 турдан ортиқ 66,5 минг турли атом қуроллари яратилган.

АҚШнинг асосий ядро каллаклари худди Россияникидай сув ости ҳарбий кемаларига ўрнатилган.

АҚШ ҳам, Россия билан биргаликда 2017 йилда «Ядро қуролидан бутунлай воз кечиш ҳақидаги янги битим»га қўшилмади.

1. Россия

Фото: Google Photos

Жанговар ядро каллаклари сони: 7000

Илк ядро синови 1949 йил

Сўнгги ядро синови: 1990 йил

СССР тарқаб кетганидан сўнг ядро қуролларининг маълум бир қисми Қозоғистон, Украина ва Беларусь ҳудудида қолган эди. Ўшанда Қозоғистон ва Беларуссия уларни ҳеч бир гап-сўзсиз Россияга топширди. Аммо Украина 1994 йилгача ҳудудий дахлсизлигини ўйлаб ядро каллакларини Россияга топширмай юрди. 1994 йилда БМТ, АҚШ ва Евроиттифоқ кафиллигида Украина ҳудудидаги жанговар ядро каллакларини «Россия ҳеч қачон Украина ҳудудларига даъво қилмайди» деган мазмундаги битимни имзолаганидан кейин топширган эди. 2014 йилда Россия Қримни ўзига қўшиб олганидан сўнг сиёсатчилар «Украина ўша пайтда Россияга жанговар ядро каллакларни қайтариб нотўғри иш қилган» деган фикрни билдирди.

Бугун Россия ядро каллаклари сони бўйича дунёда биринчи ўринда бўлса ҳам, тайёр ядро каллаклари сони бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда турибди. Россия ва АҚШ олдида бугун кўплаб эскириб бўлган ядро каллакларни зарарсизлантириш муаммоси ҳам кўндаланг турибди.