Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида 27 июль куни ҳудудларни ободонлаштириш, архитектура қиёфасини яхшилаш ишларини амалга оширишда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан турар ва нотурар жойларни бузиш ишларини ташкил этишда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш юзасидан кўрилаётган чоралар тўғрисида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. «Kun.uz»нинг ёзишича, видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган.

Йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтган. Президентнинг тадбиркорларнинг мол-мулки дахлсизлиги ва уни бузиш ҳамда уларга зарар етказиш қатъий тақиқланиши бўйича берган топшириқларини бузгани учун Яккабоғ тумани ҳокими Шоҳмурод Донаев, туман прокурори Жамшид Халилов, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Тўймаевнинг хатти-ҳаракатлари кескин танқид қилинди ва улар эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Мансур Тўймаев ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айни вақтда Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев ва шаҳар прокурори Давлатовга йўл қўйган хатолари учун ҳайфсан эълон қилинган. Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев йўл қўйган жиддий камчиликлари учун қаттиқ огоҳлантирилган.

Бош вазир турар ва нотурар жой объектларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар шахсан Президент назоратида эканини таъкидлаган. 27 июлдан бошлаб бузиш масалалари бўйича янги тизим жорий этилиши, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бузилиши режалаштирилган ҳудудни олдиндан Вазирлар Маҳкамаси билан келишиши маълум қилинган.

Шунингдек, йиғилишда Қурилиш вазирлиги Ўзбекистон бўйича барча бош режаларни қайта кўриб чиқиб, уларни ишлаб чиқишда турар ва нотурар жойлар бузилишини минимал даражага келтириш, Адлия вазирлиги турар ва нотурар жойларни бузиш ва компенсация тўловларини қоплаш билан боғлиқ мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта хатловдан ўтказиб, уларни янада такомиллаштириш бўйича ҳукуматга белгиланган муддатда таклиф киритиш ҳақида топшириқ берилган.

Видеоселекторда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига 27 июлдан бошлаб қонунчилик талабларига асосан компенсация тўланмаган ва олдиндан огоҳлантирилмаган турар ва нотурар жойларни бузишни тўхтатиш буюрилган.