Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Президент Администрациясига асосланиб Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида рўй берган ҳолат юзасидан баёнот берди.

Баҳриддин Исомовнинг дўкони олдидаги бузилган дўконлар. Фото: «Дарё»

Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини ноқонуний равишда бузишга бўлган хатти-ҳаракати ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилган.

«Ўрганиш хулосаларига кўра, туман ҳокими Шоҳмурод Донаев ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дейилади агентлик баёнотида.

Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Telegram’даги @davletovuz каналининг қўшимча қилишича, «уларнинг адолатсизлиги Президент учун охирги томчи бўлган».

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли бинони экскаватор рулига ўтириб, ўзи бузмоқчи бўлганида, тадбиркор унинг устига бензин сепиб, ёқиб юборган эди. 27 июль куни эса тадбиркорга тегишли бино бузилмаслиги маълум бўлди.