«Дарё» колумнисти Евгений Скляревский ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгаши раиси ваколатига эга бўлиши ҳамда бунинг ортидан келиб чиқаётган парадоксал вазият ҳақида сўз юритади.

Фото: Google Photos

Яқинда қизиқарли бир янгиликни ўқиб қолдим. Ҳокимлардан халқ депутатлари маҳаллий кенгаши раиси ваколати олиб қўйилар экан. Қизиғи шундаки, бу нарса ҳозирча фақат режалаштириляпти, ҳозирча эса ҳаммаси шу аҳволда – ҳокимлар кенгаш раиси ҳисобланади. Ахир бу ҳокимият тақсимотининг бутун бошли тамойиллари моҳиятига нисбатан парадокс-ку! Шу жойда бошқарув ва назоратнинг барча бўғинларида ўзаро тийиб туриш ҳамда посанги вазифасини бажариши керак бўлган тизим ҳақида яна кўплаб ақлли сўзлар бўлиши мумкин эди.

Ҳоким кенгаш раиси эканининг ўзи автоматик равишда кенгашни назорат қилувчи орган мақомидан шунчаки маслаҳат органи мақомига ўтказиб қўяди. Бу худдики ундан қандайдир муҳим қарорлар ва аниқ бажарилган ишларни кутмаслик керак бўлган жамоатчилик кенгашига ўхшайди.

Ижро ҳокимиятининг мавжуд устувор қоидалари совет даврини эсга солади. Ўшанда ҳам шаҳар (туман) ижроқўми раиси ўз ваколатларига кўра жуда қудратли шахс бўлиб, шаҳар ва туман кенгашлари эса номигагина, аҳамиятсиз вазифалар юзасидангина мавжуд эди.

Янада қизиғи шундаки, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунида: «Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси бўлиб, айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради. Вилоят ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар. Туман, шаҳар ҳокими юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир», деб ёзиб қўйилган (I боб. Умумий қоидалар; 1-модда. Маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти).

Ўз-ўзидан савол туғилади: қанақасига ҳоким ўзи раис бўлган кенгаш ҳузурида ҳисобдор бўлиши мумкин?

Тез орада вазият ўзгаришига умид бор. Жорий йилнинг 14 февраль санасидаги Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарорига кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларидаги халқ депутатлари Кенгаши раиси ваколатини тугатиш масаласини ўрганиб чиқиш учун ишчи гуруҳ ташкил қилинган. Мазкур ишчи гуруҳ ва ҳайъат томониданҳокимлардаги маҳаллий Кенгаш раиси ваколатини тугатиш бўйича дастур ишлаб чиқилган ва Олий Мажлис палаталари кенгаши томонидан ушбу дастурни тасдиқлашга оид қарор қабул қилинган.

Бу муҳим қадамлар Сенат томонидан амалга оширилди. Бироқ фуқаролар томонидан ҳам муайян қадамлар ташланиши лозим. Барчани маҳаллий кенгашларга бўладиган сайловларга юзаки қарамасликка ва муносиб депутатларни танлаб, илгари суришга чақираман. Улар ҳокимларнинг қўйнидаги қуйруқ бўлмасдан, аксинча, улар билан фаол ишлаши, кўмак ва маслаҳатлари билан ёрдам кўрсатиб, ўзлари чиқарган қарорларнинг бажарилишини назорат қилиши ва, керак бўлса, ҳокимлардан талаб қилиши керак. Шунингдек, нотўғри қабул қилинган қарорлар учун биргаликда жавобгар бўлмоқликлари ҳам керак.

Ҳокимиятнинг тармоқланиши тамойили биринчи бўлиб француз маърифатпарвари Шарл Монтескье томонидан илгари сурилган ва кейинчаликкўплаб давлатларда тан олинган эди. Ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тармоқларига тақсимланиши давлат ҳокимиятини амалга ошириш ва ҳуқуқий давлат қуриш борасидаги энг муҳим тамойиллардан бири саналади.

Ҳокимиятнинг тақсимланиш тамойилига кўра, қонун ижодкорлиги қонун чиқарувчи (вакиллик) органи томонидан, ижро-тақсимот фаолияти ижро ҳокимияти органлари томонидан, суд ҳокимияти эса судлар томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари ўзаро мустақилдирлар. Ҳокимларнинг маҳаллий кенгашларда раислик қилиши эса мазкур кенгашларнинг айнан мустақиллиги устига чизиқ тортиб қўймоқда. Менимча, ҳаммасини ўзингиз тушундингиз.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.