«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

«Қасоскорнинг олтин боши» тарихий романи қаҳрамони Намознинг кечинмалари асарда тез-тез такрорланиб туради: «Мен онамнинг қорнидан қасоскор бўлиб туғилганим йўқ». Намоз, бугунги кун тили билан айца, анархист, кўча мафияси, ўрнатилган қонунларни тан олмайди, бойларни ўз билганича жазолайди, «самосуд» қилади. У нега бу йўлни танлади? Чунки унинг ўзи туғилиши биланоқ адолатсизликда кўзини очган, кетма-кет туҳматларга нишон бўлиб жазоланган, эл олдида ноҳақ сазойи қилинган бир камбағал йигит эди. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, давлатда қонунлар ишламаса, одамлар адолатдан умидини узса, «самосуд»га қўл уради ва бу давлатчилик барбодлик сари кетаётганининг дарагидир.

Фото: «Қасоскорнинг олтин боши» фильмидан кадр. Намоз калтак остидаги камбағални ҳимоя қилмоқда

Кинолар учун бу сюжет янги эмас. Америка киноларидан бирида ўт ўчирувчи давлат ёрдамидан умидини узиб, аёли ва боласини портлатган террорчини жазолаш учун исёнчилар маконига отланади. Террорчи билан учрашув саҳнасида эса ундан-да драматик сўзлашув бор. «Мен ўқитувчи эдим. Сенинг аскарларинг келиб фарзандимни ўлдирди. Ҳеч ким бизни ҳимоя қилмади. Шунда қўлимга қурол олдим», дейди террорчи. Ироқдаги ИШИДчилар террорчи бўлиб туғилмади, мамлакатдаги бошбошдоқлик, адолатсизлик ва зулм уларни шу кўчага киритди, «Толибон»нинг келиб чиқиш тарихи ҳам шундай.

Яккабоғлик тадбиркор Баҳриддин Исомов ҳоким ўринбосарининг устидан бензин қуйиб намойишкорона гугурт чақишининг ортида ҳам шундай сабаблар борлигига ишонаман. Ёши олтмишни қоралаган маълумотли киши қилган ишининг оқибатини билмасмиди? Жуда яхши биларди, мамлакатда «самосуд» тақиқланганини, ўзини жазосиз қўймасликларини биларди. Аммо уни шу ҳолатгача олиб борган сабабларни тушунгинг келади. Куйдирилган ҳоким ўринбосари ундан олдин 30 та дўконни бузиб, компенсация тўламаганди, агар бензин ва гугурт ёрдамга келмаса, Баҳриддин Исомовни ҳам шу тақдир кутарди.

Тадбиркор қонун ҳимоясида деб минг марта айтиш мумкин. Аммо буни амалда кўрмасак, ҳаммаси бир пул экани ҳам минг марталаб айтилди. Амалда кўрганимиз: ўнлаб, балки юзлаб тадбиркорнинг мулки бузиб ташланяпти, қонун эса лом-мим дегани йўқ. Одамлар ноиложликдан ноқонуний чорага қўл уряпти. Ўзини ёқиб юборяпти, давлат вакилини ёқяпти. Норозилик тариқасида ўзига ўт қўйгандан ўзбошимча амалдорни ёққан афзалроқ, ҳарқалай.

«Аёл-у ватан узра то жони бор, киши ҳарб этар токи имкони бор», дейди мутафаккир. Уй бу ватан демакдир. Уйи бузилган аҳоли Урганч-Хонқа йўлини ёпиш ва ҳоким кирган палаткани йиқитиш тугул, кетмон-таёқлар билан ҳокимиятга бостириб кирса, ҳайрон бўлмайман. Қуш уйи бузилса, чирқирайди, бақани боссангиз, товуш чиқаради. Наинки, ўзбошимча ҳокимият уйини бузиб кўчадан қолдирганлар оғиз очиб,  норозилик билдирмаса.

Фото: «Kun.uz»

Юқоридаги ҳолатлар давлат учун етарли огоҳлантириш муждаси бўлиши лозим. Хатарли муждалар. Қандайдир City’лар учун етарли коммуникациялар тортиб ўтирмасданоқ аҳоли тураржойини вайрон қилиб, гўёки қурилишга авж беришяпти. Одамлар сабрининг чеки бор. Қонунлар амалдаги адолат шаклида намоён бўлмаса, аҳоли «самосуд»га мурожаат қилаверади ва бунга улар қисман ҳақли бўлиб қолади.

Таксидаги суҳбат

Абитуриентлар қабули ва давлат қонунларини назарига илмайдиган амалдорларга селектор орқали чора кўриш манзарасида «Таксидаги суҳбат» номли блогпостимни ҳавола этаман.

- Укам, қаерга топширдинг?

- Юридическийга-да.

- Санга бир савол: ҳамма амалдорлар бир қонунбузарликни қила бошласа, қандай қилиб олдини олиш мумкин?

- Бунинг йўли осон: қонун чиқарувчи орган, яъни парламент буни тақиқловчи қонун ишлаб чиқади ва имзолатади.

- Хўш, бу билан қонунбузарлик тўхтаб қолмаса-чи?

- Қонун барчасидан устун-ку, амаки.

- Устун эмас. Амалда ҳаммаси бошқача. Ўзим жавобини айтаман: сўнгра қонун ижроси учун Президент қарори имзоланади.

- Шундан кейин муаммо ҳал бўлади...

- Э, йўқ. Ҳал бўлмайди. Ундан сўнг Президент қарори атрофлича амалга оширилиши учун Вазирлар Маҳкамаси қарор чиқаради.

- ...Ва бу билан муаммога нуқта қўйилади.

- Ҳали вергул ҳам қўйилгани йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг қарори «тегишлича тартибда амалга оширилишини таъминлаш учун» Бош вазир ёзма кўрсатма беради.

- Кейин ҳаммаси яхшилик билан тугайдими?

- Тугамайди ҳали. Ҳамма билганини қиляпти. Бу қонунбузарликлар кимнидир бурни қонагунча, боши ёрилгунча давом этади.

- Наҳотки, қонун йўли билан олдини олиб бўлмайдими?

- ...Шундан кейин бурни қонаган ва боши ёрилганларнинг расми интернетга чиқади. Журналистлар воқеа айбдорларини ёппа талайди. Кейин эса Президент селектор ўтказиб, айни ўша қонунбузарликни бутунлай тўхтатишни талаб қилади. Шундан кейингина қонунбузарлик тўхташидан сал-пал умид қилсанг бўлади, уқдингми?

- Амаки, сиз буни қаердан биласиз?

- Таксичиларнинг ярми пенсияга чиққан мелиса-адлиячилар-ку, укам. Эсингда бўлсин: қонун қоғозда.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.