Блогер, ўқитувчи Исроил Тиллабоев «UzASBO дастури ўқитувчиларнинг ҳақини ‘уриб’ қоладими? Ўқитувчининг Молия ва Халқ таълими вазирлигига мурожаати» номли мақоласини эълон қилган эди. Вазирликлар бу мақолага жавобан раддия эълон қилди. Ушбу баҳснинг давоми ўлароқ ўқитувчининг жавоб мақоласини эълон қиламиз.

Фото: «Kun.uz»

Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги менинг «Kun.uz»даги мақоламга раддия билдириб чиқди. Шу раддияни ўқигандан кейинги баъзи саволларим борки, бу нарса икки вазирлик мени факт келтирмади деб турли қарорларни кўрсатса ҳам, жавобдан қанотланмадим ва қуйидаги саволлар билан оддий ўқитувчи сифатида мурожаат қилишга жазм этдим. Бу сафар тўлиқроқ жавоб олишга умид қиламан.

1) Раддияда нега мен асос келтирган Халқ таълими вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг қўшма қарори ҳақида гапирилмади? У қарор нима ҳақда эди, у амалдами, амалда бўлса, нега бутун бошли интернетда ХТВ ва Меҳнат вазирлиги сайтларида ёки «Lex.uz»да йўқ? Менда унинг қоғоз варианти бор холос. Нега ўзи чиқарган қарорни кўрсатсам, ХТВ унга муносабат билдирмади? Хусусан, 17-банд – «Ўриндошлик ва соатбай асосида дарс бераётган, ишда вақтинча бўлмаган ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзининг асосий иши билан биргаликда қўшимча равишда бажараётган педагог ходимларга ўқув-тарбия жараёни билан биргаликда унга мос коэффициентдаги ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий педагогик жараён учун ажратилган соатларга ҳам ҳақ тўланади» деган топишмоқона сўзлар маъносини ва ушбу қарор 1 ноябрдан амалда, дейилганни ҳам биратўла тушунтириб бериб кетишганда нур устига аъло нур бўлар эди;

2) Вазирликлар раддияда соатбай ҳақ тўлаш механизмлари мен асос кўрсатган қарор бўйича эмас, 2019 йил 22 апрелдаги 3157-қарор бўйича амалга оширилади дейишябди.

Шу қарор бўйича экан, келинг шу қарор бўйича гаплашамиз. Ўша қарорда 2-бандида ёзилган «Белгилаб қўйилсинки, ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб мазкур қарорга иловада кўрсатилган миқдорларда амалга оширилади».

Фото: Исроил Тиллабоев

Демак, вазирликлар бизларга раддияда батафсил тушунтириб берган ойликлар қарор чиққан кундан эмас, айнан 1 ноябрдан амалга оширилиши керак экан!

Савол: шу қарорга мувофиқ соатбай ҳақларни ошган ойлик бўйича 1 ноябрдан қайта ҳисоблаб бердиларингизми, нечта туманга? Чилонзорни эшитдик, иннайкейинчи?

4) Мен яна дастлабки мақоламда айтган сўзларимни қайтармоқчиман: менга мурожаат қилган ва мен суриштирган мамлакатнинг деярли 90 фоизи туманларида соатбай ойликлар фақатгина қарор чиққандан сўнг – апрель ойидан ошган нархда берилган, ноябрдан буёғига қайтарилмаган (ҳатто Чилонзорда ҳам январдан буёғи ҳисобланибди, эски йил бекилган дея).

5) Ҳолбуки, шунча келтирган фактларим етарли бўлмаса, ўзларинг чиқарган қарорни ўзларинг инкор қилмоқчи бўлсаларинг, қўшимча савол. Нега баъзи туманларга фарқ тўланди-ю, бошқа туманларга тўланмади? Ўз-ўзини инкор қонуними бу?

6) Факт дедиларинг, юзлаб ойлик ҳисоботларини менга устозлар жўнатди, мен айниқса раддияларингизда ҳисоблаб берганларингиз 2-малака тоифали ўқитувчилар юборган ойликларини мақоладаги ҳисобланган ойлик билан таққосладим: барча ноябрдан то апрелгача ойликлар 911 минг эмас 500–600 минг атрофида чиқмоқда, мана улардан бирини ташлай, қуруқ бўлмасин:

Скрин: «Дарё»

Суратда иккинчи малака тоифали, ўн соат қўшимча ўтган ўқитувчининг декабрь ойидаги ойлиги 532 570 сўм тўланган. Шу ойликни мақолада кўрсатилгандек ҳисоблаб кўрамиз. Маълумки, ўша вақтда 2-тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси нархи 1 428 900 сўм бўлган. Унинг 1,2 фоизи 17 146 сўм бўлади.

Бунинг бир ойлигини ҳисобласак: 17 146 * 10 * 4,2 = 720 165 сўм. Ўқитувчи ушбу ойда дарсларини тўлиқ ўтган, декабрь ойида сал кун камлиги ҳисобга олсак, тахминан 700 000 сўм олиши керак эди, унга 531 минг ёзилмоқда. Бу бир ўқитувчи ва бир ойлик таққослама, жўнатилган юзлаб ойликлар тақсимотида мана шундай ҳолат.

Ўзларингиз айтган қарор бўйича фикрлашдик, менимча, ортиқча тушунмовчиликларсиз, содда тилда саволларимни йўлламоқдаман (бутун Ўзбекистон ўқитувчилари номидан) олди-қочди гап ёзмадим, яхши тушундинглар мени. Энди охирги саволим, бошқа туман соатбай дарс ўтган ўқитувчилари мабодо ойлигим кам ҳисобланган дейишса, қайта ҳисоблаб беришлари ва ҳақлари қайтарилишлари учун кимга мурожаат қилишсин, ёки ўзларинг ишчи гуруҳ тузасизларми?

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.