Европанинг кўпгина давлатларида, АҚШда ва яна қатор ривожланаётган давлатларда уйсизлик жиддий муаммо ҳисобланади. Ер, уй-жой қимматлиги боис минглаб одамлар кўчада қолиб кетмоқда. Финляндия пойтахти Хельсинкида ушбу муаммонинг ечими топилди. «Дарё» шу ҳақдаги мақолани тақдим этади.

Финляндия Европа Иттифоқидаги уйсизлар сони қисқариб бораётган ягона мамлакатдир. Сир нимада? Одамларни уй билан таъминлабгина қолинмаяпти.

Фото: Google Photos

Шу ёзда Тарту Айнесмаа 32 ёшга тўлади.

«Ўн йиллар мобайнида биринчи марта ўзимники деб айтишим мумкин бўлган уйим бор: Хельсинкининг  дарахтларга бурканган йўлдош шаҳарчасининг яқинда таъмирланган даҳасида кенг икки хонали квартира».

«Бу мўъжиза, – дейди у. – Мен коммуналарда яшаб кўрганман, лекин у ерда нашавандлар жуда кўп эди, шу боис кетишимга тўғри келган. Мен бир қиз билан яшаб кўрдим, муносабатларимиз бузилган эди, яна ўша эски аҳволда қолдим. Акамнинг  квартирасидаги диванда ётиб юрдим. Кўчаларда ухладим. Менинг ҳеч қачон ўз жойим бўлмаган. Ҳозир бўлган иш мен учун катта олға қадам ташлашдир».

Пастдаги икки қаватли блокда ёруғ, кенг ошхона ва меҳмонхона, мукаммал ошхона, сауна (Финляндияда сауна бўлиши шарт) ва машқлар зали жойлашган.

Юқорида 21 ижарачи, кўпи  30 ёшга етмаган эркак ва аёллар яшайди.

Эски тизим ишламаётгани ҳаммага аён эди. Радикал ўзгаришлар керак эди.

Муҳим жойи шундаки, яшовчилар ижара ҳақи тўлайди: ҳар бирида шартнома бор ва, зарур бўлса, уй учун  нафақа сўраб мурожаат қилиш мумкин. Ўз уйига эга бўлиш ижтимоий сиёсатнинг бир қисми бўлиб, ҳозирги вақтда Финляндияни Европа Иттифоқининг уйсизлар камайиб бораётган ягона мамлакатига айлантирди.

Бундан ўн йил аввал бу сиёсат ишлаб чиқилаётганда тўрт киши – епископ, сиёсатчи, врач ва жамиятшунослик ўзлари ўйлаб топган ва ҳозирда «шартсиз уй» принципи номи билан машҳур бўлган бу ғоя ҳақидаги маърузаларини Nimi Ovessa (номингиз  эшикда) деб атаган эди.

«Биз уйни шартсиз қилишга қарор қилдик, – дейди Каакинен. – Уй олишдан аввал ўз муаммоларингни ҳал қилишинг керак, демайдиган бўлдик. Бунинг ўрнига уй-жой муаммоларини ҳал қилиш учун мустаҳкам таянч бўлиши керак».

Давлат, маҳаллий ҳокимият ва нодавлат ташкилотлари ёрдамида квартиралар сотиб олинди, янги блоклар қурилди, эски бошпаналар доимий, ҳар тарафлама қулай уй жойларга айлантирилди. Улар орасида ҳозирда Айнесма яшаётган Хельсинкидаги Малминкартано ҳам бор.

«Шартсиз уй» лойиҳасининг дастлабки мақсади 2 500 та янги уй билан таъминлаш эди. Натижада 3 500 та янги уй қурилди. Бу иш 2008 йилда бошланганидан бери мамлакатда уйсизлар сони ҳозирга қадар 35 фоизга қисқарди. Бу эса Хельсинкида кўчада ётиш деярли барҳам топишига олиб келди. Қишки совуқ -20 даражага тушадиганда жон сақлаш учун 50 та койкаси бор тунги бошпанагина сақлаб қолинди.

Санна шаҳри ҳокимининг сўзларига кўра, илгари Финляндиянинг кўплаб парк ва миллий боғларида юзлаб одамлар тунаб қолар эди. Ҳозирда бу вазият тубдан ўзгарган.

Фото: BBC

Бу борада расмий статистикага кўра, Англияда уйсизларнинг кичик бир қисми – доимий кўчада ётадиганлар сони 2010 йилдаги 1 768 кишидан ўтган йили 4677 кишига ўсган. Вазият эса бундан-да ёмон бўлиши мумкин.

Лекин «шартсиз уй» фақат яшаш жойигина эмас. Хельсинки мэри Ян Вапаавуори фикрига кўра, одамларга психологик ёрдам ҳам керак. Кўпгина уйсизлар психологик, тиббий муаммоларга эга ва уларга ёрдам бериш лозим. Уйсизлик уларнинг ягона муаммоси эмас.

Рукиллада 21 ижарачи ва етти нафар ходим бор. Бошқарувчининг ёрдамчиси Саара Хаапанинг айтишича, уларнинг иши нафақат ҳужжатларни тиклаш, маълумот олиш, ишга жойлаштиришда ёрдам бериш, балки овқат тайёрлаш, уй-жойларни тартибга солиш каби ҳаётий зарур малакаларни ҳам ўргатишни ўз ичига олади.

Хаапанинг сўзларига кўра, одамларга бинода яшашга мослашиш учун ҳам вақт керак. Аммо уч ойлик синов муддатидан сўнг ижарачиларнинг шартномалари доимий бўлиб қолади, агарда улар белгиланган қоидаларни бузмаса (гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаса, алкогол ичмаса), ижара ҳақини доимий равишда тўлаб борса, уларни уйдан чиқариб юбориш мумкин эмас.

Айнесмаа икки йилдирки янги касбни ўрганмоқда. Унинг айтишича, шартсиз уй принципи уни қайта тарбиялади, унга ҳаётдаги ўрнини топиб берди. Унда энди касб ҳам, дўстлар ҳам, эгалик қилиш мумкин бўлган нарсалар ҳам мавжуд.

Албатта, дастур пул туради. Финляндия ҳукумати янги уйлар қуриш учун 250 миллион евро маблағ сарфлади. Лекин яқинда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Финляндия ҳар бир уйсиз учун ҳисоблаганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида дастур туфайли 15 минг евро тежаб қолишга муваффақ бўлган.

Финляндия тажрибаси Франция, Австралия, Буюк Британияда катта қизиқиш уйғотди. Британия ҳукумати Мерсисайдда, Уэст-Мидлендсда, Катта Манчестерда шартсиз уй дастурини молияламоқда. Ҳаттоки Манчестер ҳокими ёз мавсумида дастур билан яқиндан танишиш учун Хельсинкига хизмат сафари белгилаган.

Фото: BBC

Уй-жойсиз аҳолининг ярми истиқомат қиладиган Хельсинкида «шартсиз уй» дастури муваффақиятининг сири бу комплекс уй-жой сиёсатининг натижаси эканини ҳам унутмаслик жоиз. Хельсинки шаҳри ҳокимияти қўл остида 60 мингдан зиёд ижтимоий уй мавжуд, хельсинкиликларнинг ҳар етти нафаридан бири ижтимоий уйларда истиқомат қилади. Шаҳар ўз атрофида 70 фоиздан кўпроқ ерларга эгалик қилади, шаҳар ҳокимиятининг ўз хусусий қурилиш ширкати бор ва кейинги йили 7 000 уйни қуриб битказишни режалаштирмоқда. Шаҳар ҳар бир ҳудудда ижтимоий табақаланишни олдини олиш учун қатъий тизимни йўлга қўйган. Ҳокимият, шунингдек, хусусий ва ижтимоий уйлар ўртасида улкан фарқ бўлмаслигини ҳам талаб қилади ҳамда ижтимоий уй ижарачилари учун максимал даромад даражасини белгиламайди, бу давлатнинг кўпроқ қашшоқ қатламлари борасида ғамхўрлик қилишидан далолатдир.

Шаҳар ҳокимияти, шунингдек, уйларни қўлдан бериш хавфи остида қолган ватандошлар учун маслаҳат ва кўмак берадиган махсус гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйган, уйсизлик профилактикаси учун талайгина маблағ йўналтирилган.

Финляндияда айни пайтда 5 мингдан зиёд аҳоли уйсиз қолмоқда. Уйсизлик муаммосини бартараф этиш жиддий уй сиёсатисиз амалга ошмайди. Аммо шартсиз уй лойиҳаси давлатнинг режалаштириш ва жамоавий ҳаракати туфайли уйсизликни қисқартиришнинг сифатли тизими эканлигини амалда исботлади. Ҳали маҳаллий ҳокимият олдида ҳал қилиниши керак бўлган кўпгина ишлар бор. Шундай бўлса-да, айни пайтда Финляндия уйсиз аҳоли сонини анчагина камайтирди.