«Автотест» юридик шахслар ҳайдовчиларини тайёрлаш фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда компания расмий сайтида баёнот берилган.

Фото: «Автотест»

«Биз жамоамиз билан шу қарорга келдик. Бизнинг бош мақсадимиз пул ишлаш эмаслигини, бизда қадриятлар бошқа эканлигини шу билан намоён этмоқчимиз. Биз одамлардан қинғир йўл билан пул ишлашдан йироқмиз.

Бошқа автомактаблардан фарқли ўлароқ ‘Автотест’ компанияси пайдо бўлганидан бери ҳали бирон марта даромад олгани йўқ. Ҳамма топилган даромад фақат ва фақат ривожланишга, янги замонавий мактаблар барпо этиш, дастурлар, янги технологиялар яратишга йўналтирилди. Бор куч ва меҳнат асосий бош ғоя — одамлар ўлимини камайтириш, йўлларда тартиб бўлишини таъминлаш ва ушбу соҳанинг ривожланиши учун сарф этилди», — дейилади баёнотда.

МЧЖ вакилларига кўра, бу ерда таҳсил олганларнинг биронтаси таълим сифати, услуби, яратилган шароитга эътироз билдирмаган ва шикоят қилмаган.

«Компания юридик шахслар ҳайдовчиларини ўқитиш фаолиятини тўхтатади. Рўйхатга олиш жараёни ва барча мавжуд шартномавий мажбуриятларни амалга ошириш учун бир оз вақт керак бўлади. Биз таҳқирлардан чарчадик.

Биз эндиликда фақат ҳайдовчиларни тайёрлаш, методика ва қўлланмалар яратиш билан шуғулланамиз. Илтимос, ‘Автотест’ номини ёмонотлиқ қилишни бас қилинг», — дея якунланган баёнот матни.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ компания мнополист ташкилотлар рўйхатига киритилиши мумкинлиги билдирилганди.