Шавкат Мирзиёев 1 август куни эрталаб Минск шаҳридаги Мустақиллик саройига келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ерда олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко тор доирада музокара ўтказди.

Беларусь президенти Ўзбекистон раҳбарини мазкур ташриф билан қутлаб, ушбу воқеа муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Охирги икки йилда Сиз билан биргаликда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни бутунлай ўзгартириб юбордик, моҳиятан, уларни янгидан йўлга қўйдик. Шу вақт ичида амалга оширган ишларимиз ўтган 25 йил давомида қилинганидан ҳам ортиқ бўлди. Давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳозирги кун талабларига жавоб бермайди, уни изчил ошириб бориш лозим. Сизнинг ҳудудларни ҳамкорлик билан ўзаро боғлаш борасидаги ташаббусингиз — ушбу ташрифнинг ўзига хос жиҳати. Ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро ташрифлари бўлиб ўтди, кўргазмалар ва маданият кунлари ташкил этилди. Буларнинг барчаси Беларусга ташрифингиз аҳамиятини янада оширади. Энг асосийси, маҳаллий маъмуриятлар бошлиқлари ҳамкорликка доир кўплаб шартномалар имзолади. Бизнинг ишимиз — йўлни очиб бериш, ва биз бунинг уддасидан чиқдик», – деди Александр Лукашенко.

Шавкат Мирзиёев таклиф ва кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Беларусь билан шериклик муносабатларини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратишини қайд этди.

Мазкур ташриф икки томонлама алоқалар тарихида Ўзбекистон Президентининг Беларусга илк расмий ташрифи экани алоҳида таъкидланди.

Музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарлари учинчи мамлакатлар бозорларини ўзлаштириш мақсадида кооперацияни кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, беларуслик шериклар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳамкорлигидаги истиқболлар кўриб чиқилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.