«Дарё»нинг ҳамиша норози колумнисти Сарвар уста бу ҳафта тўқима тарихий-бадиий образлар ёрдамида бугунги ҳаётимизда учраб турган абсурд ҳолатларни очиб беради.

Юз йил аввал қурилган City

Фотоколлаж: «Дарё»

«Дарё» сайтининг бугунги меҳмони – рус қўмондони Михаил Скобелев. 1876–1877 йилларда Фарғона вилоятининг ҳарбий губернатори бўлган. Унга саволлар бердик.

- Михаил Дмитриевич, студиямизга қийналмай етиб келдингизми?

- Ҳаммаёқ ковлаб ташланган. Пиёда юргани йўл йўқ. Япончасига айтадиган бўлсам – то канава то яма.

- Ҳеч балони тушунмасам ҳам, жавоб учун раҳмат. Айни мавзуда гап очдингиз. Сиз Фарғона шаҳрини, бугунги тилда айтганда янги City’ни нега барча имконият мавжуд бўлган хонлик пойтахти Қўқонда қурмасдан, нолдан кўтаргансиз?

- Калланг борми, Қўқонни бузиб ташласам, шаҳарликлар исён кўтариб гарнизонимни қиличдан ўтказворарди. Шундоғам Абдураҳмон офтобачини қувиб кетаётганимда Маҳрам ёнида оёғимдан ўқ еб аранг юраман. Биз босқинчи бўлсагам, ақлимизни еганимиз йўқ. Телеграф, почта, йўл қуриш, коммуникация, сим ўтказиш керак бўлади. Бунинг учун эски шаҳарни бузиб, туркистонликларнинг қарғишига қолгандан янгисини кўтарган осонроқ.

- Сиз нега қасддан Фарғона шаҳрига зарарли чинорлар эккансиз?

- Чинор ўзидан аллергия тарқатишини бир аср яширдим. Аммо охири сезиб қолдинглар, қурмағурлар. Биз Чор Россияси зобитлари маҳаллий халқни аллергияга мубтало этишни мақсад қилгандик, аммо мустақил Ўзбекистоннинг халоскор ҳокимиятлари чинор балосидан сизларни қутқаряпти. Бу ядро қуроли каби заҳарли дарахт. Ўрнига арча экинглар, чунки чинор тагида одам тўпланади, аммо арчанинг тагида тўпланмайди. Одам тўпланмаса, ортиқча гап-сўз кўпаймайди.

- Раҳмат, Михаил Дмитриевич, самимий суҳбатингиз учун. Биз албатта ҳамма чинорларни охиригача кесиб ташлаймиз.

Блогерларга расмий мақом берилгач

Фото: Google Photos

Саҳарлаб турдим. Ўзи кеч ухлаганман, кеча селекторда блогерларга оид кўрсатмалар берилгани учун ярим кечасигача ҳокимият залида эдим. Шундай бўлса-да, вақтли турдим. Қолганини мажлисда ухлаб оламан. Машинага ўтириб, тўғри «Блогерликни ривожлантириш маркази»га бордим. Ёш блогерлар йиғилиб турибди. Улар президент асарларидан иқтибослар келтиришди, шеърлар тингладик. Орада бир мизғиб олдим. Чиқишимиз билан ҳокимиятдан телефон қилиб «чет элликлар билан учрашувга чиқинг», дейишди. Бордик. Тарашадек озғин калтасоч консул аёл ва новча тепакал эркак ажнабийлар олдида юртимизда блогерларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида нутқ сўзладим. Телевидение тасвирга олиб турибди. Тиррақи консул хотин «блогерлар элита оиласининг бизнесига оид фикрлар билдира оладими?» деб сўраганди, ТВ таржимонга кўз қиссам, «юртингиздан ажойиб таассуротлар олдик» деб таржимада тўғрилаворди.

Чорвачиликни ривожлантириш қўмитасидан телефон қилиб, қўшни тумандаги бўрдоқичилик фермаси ҳақида блогпост тайёрлаб келишни буюришди. Борсак, дастурхон ёзилган экан, паққос туширгач, валинеъмат ҳожи аканинг мол-қўйларини келиштириб мақтаб бир материал тайёрладик. Видеоблогеримиз нуқул голландский сигирнинг ўт ейишини олади, денг. Ферманинг бир четида мол қочиришаётган экан, видеоблогеримиз «оламан, қизиқ чиқади», деганди, «қис, уят бўлади, ёшлар кўриб кўзи очилиб қолмасин», дедим.

Кейин ишхонамга қайтдим. Айтганча, қаерда ишлашимни айтмабман – ҳокимият қошидаги «Блогерлар уюшмаси»да масъул лавозимда хизмат қиламан. Қоринни қашлаб ўтирсак, ҳокимбува «кўчани ўт-ўланлардан тозалаб қўй, ҳаромилар, семириб кетяпсан ҳамманг» деб юмшоқ тушунтирганди, ўзимиз билиб эски кийимлар билан кўчада аста иш бошлавордик. Ўзингиз тушунасиз, ободончилик бошқармаси ҳар доим улгуравермайди, қолаверса, бировга айтманг-у, кўпи катталарнинг уйида ишини қиляпти. Бир-икки кун ишлаб берсак, камайиб қолмаймиз, блогер юрт хизматига камарбаста бўлиши лозим. Кетмон билан ажриқни қираётсам, телефонимга SMS келди: ойлигингиздан фалон концертга ушлаб қоламиз, деган мазмунда. Эҳ, палакат, буниси чатоқ бўлди. Гапирай десанг, истиҳола йўл қўймайди. Секин бўшаб, фермер ҳожига ишга ўтиб олсаммикан. Блогер деган касбим бор, ахир.

Икки карра икки – беш

Фото: Sputnik

Мана бугун биз мажбурий меҳнат масаласини ёритиш учун брифингга йиғилдик. Республикада ўз вилоятини энг кўп меҳнатга мажбурлаётган ҳоким билан учрашиб, айбларини бўйнига қўямиз. Қайси вилоят ҳокими дейсизми? Нима фарқи бор, ҳаммаси меҳнатга мажбурлайди. Асосийси, бугун улар бизнинг далилларимиздан қочиб қутулолмайди. Ҳаммасини бўйнига қўямиз. Ҳоким жаноблари қаршимизда ўтирибди.

- Жаноб ҳоким, вилоятингиздаги мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича саволларимиз бор.

- Марҳамат.

- Мана бу марказий шифохона дўхтирлари имзолаган шикоят хати. 75 ходим имзолаган. Сиз уларга ариқ тозалатгансиз. Буниси фотосуратлари.

- Бу исбот эмас, олди-қочди гап. Далил билан гаплашиш керак.

- Мана бу аудиода эса сиз «ҳамманг ҳашарга чиқ, ҳаромилар. Дарс қочиб кетмайди. Ҳеч кимдан қўрқмайман, қонунинггаям тупурдим» деганингиз ёзилган. Тугмани босдим, эшитамиз...

- Тўхтанг. Биз журналистларни ҳурмат қиламиз. Аммо қачонки, улар далил-исбот билан гапирганда. Ахир, бу аудио асос ўрнига ўтмаслигини қачон тушунасизлар?

- Проектор экранига қараймиз. Унда сиз ўтган ҳафта линиядаги Damasчиларни тўхтатиб, шағал ташишга мажбурлаганингиз кўрсатилади. Эшитяпсизми, Damas’чиларга қўлингизни шоп қилиб, «ўн беш суткага кетасан, аҳмоқ» деяпсиз. Экранга қараб кўзингизни қисиб ҳам қўйдингиз.

- Бўлмаган гап, мен ундай демайман. Ўз вилоятим аҳолиси ўз фарзандимдай кўраман. Унинг ободончилиги ўз қўлимизда. Асосийси шуки, бу видеонгиз исботликка ярамайди. Далил керак.

- Сиздан машинага бирга ўтириб Н. туманига боришни сўрайман. Ўтиринг, жаноб ҳоким. Мана Н. туманига етиб келдик. Тасвирчиларимиз шай ҳолатда. Жаноб ҳоким, рўпарамиздаги панжарани краскалаётганлар 56-мактаб ўқитувчилари бўлади. Сизнинг фуқароларингиз.

- Улар бўёқчилар.

- Афсуски, бўёқчи эмас. Уларнинг ўзидан сўраймиз. Кўк рўмолли кеннойи, микрофонга гапиринг.

- Ҳа, мен 56-мактабнинг «одобнома» ўқитувчисиман. Бизни ўн кундан буён мажбурлаб ишлатишяпти. Ҳамма жойга ариза ёздик, интернетга видео чиқардик – кор қилмади.

- Мухбир ука, буларни мен мажбурламаганман. Сизларга ҳокимни танқид қилиш бўлса. Булар кўнгилли ҳашарчилар. Ҳозир, менга икки минут ижозат.

- Тўхтанг, суҳбатимиз тугамади, ҳали.

- Ўўв, дарахт тагида гап сотаётган қан**қлар! Панжарани энанг бўяйдими? Башаренгга туфлаб юборардим, маразлар, камера қараб турибди. Ҳе, итдан тарқаган, ол, қўлингга чўткани. Тупурдим, ўқитувчилигинггаям, дўхтирлигинггаям, дипломинггаям. Ишла, дейман, ҳайвонлар.... Бўлди ука, саволларингизни бераверинг. Бизда мажбурий меҳнат мавжудлигига исбот келтириш мумкин эмас, чунки у йўқ.

- Ҳозир биз меҳнатга мажбурлаш ҳолатининг гувоҳи бўлдик. Бу тасвир тўғридан тўғри узатилмоқда.

- Соғ бўлинг. Биз барча саволларга жавоб беришга тайёрмиз. Президентимиз айтганларидек, давлат органлари ҳамиша очиқ-ошкоралик тамойилларида ишлайди. Биз ўз камчиликларимизни кўрсатган фаол журналистларимиздан миннатдормиз. Энг асосийси, сиз бугун бизнинг вилоятда мажбурий меҳнат йўқлигининг гувоҳи бўлдингиз.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.