Шу йил август ойи бошида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати учун Meade LX600  телескопи сотиб олинганди. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Телескоп мутахассис-астрономлар кўмагида мактаб биносининг юқори қисмида махсус қурилган павильонга ўрнатилди. Павильоннинг гумбази, яъни ярим сфера шаклидаги том қисми айланади ва унда осмонни кузатиш учун икки томонга очиладиган махсус тирқиш-эшик мавжуд.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ушбу телескоп АҚШнинг Meade Instruments фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган. Унинг кўзгуси диаметри 40 сантиметр, фокус масофаси эса 325 сантиметр бўлиб, 140 минг осмон жисмини ўта катта аниқлик билан топа олади. Телескоп Meade Instruments тизими ва Autostar II масофадан бошқарув пульти билан жиҳозланган. Ушбу жиҳозлар ёрдамида телескоп тўлиқ автоном режимда ўзини-ўзи созлаш ва кузатувларни дастурлаш имкониятига эга.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Телескоп юқори сифатли оптикага эга бўлган Шмидт-Кассегрен схемасига эга бўлиб, осмон жисмларини  100 мартадан 800 мартагача катталаштириш имкониятига эга. Унинг ёрдамида Ой, сайёралар ва уларнинг йўлдошлари, астероидлар ва кометалар, юлдузлар ва уларнинг тўдалари, туманлик ва галактикаларни кузатиш мумкин.