25 июль санасида Wood Mackenzie Consulting компанияси жаҳон бўйича жорий йилда ишга туширилиши кутилаётган Қуёш электр станцияларининг умумий қуввати ҳақида ҳисобот эълон қилди. Унга кўра, 2019 йил сўнгига қадар дунё бўйича жами 114,5 гигаватт фотоэлектр Қуёш станциялари ишга туширилар экан. Ушбу ҳажм тарихан рекорд кўрсаткич бўлиши кутилмоқда. Компания таҳлил-ҳисоботида, жумладан, «2018 йилги турғунлик муваққат ҳодиса бўлиб чиқди; 2020 йилдан бошлаб эса йилига ўртача 125 ГВт қувват ишга туширилиши кутилмоқда», дейилади.

Фото: Google Photos

Жорий йил учун ижобий прогноз асосан Европа Иттифоқи ҳудудидаги ўсиш тенденсиялари, хусусан, кўп жиҳатдан Испания ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Қуёш станцияларининг йирик қувватлари АҚШ, Ҳиндистон, Вьетнам, Миср ҳамда БААда фойдаланишга топширилмоқда. Қайсики мамлакат йилига камида 1—5 ГВт Қуёш электр станцияси ишга туширса, у жаҳондаги умумий ўсиш тенденциясига таъсир қилган бўлиши ҳақида ҳисоботда алоҳида урғу берилган. Ҳозирда жаҳонда саккизта мамлакат шундай қувватдаги Қуёш энергетикасини фойдаланишга топширмоқда. 2022 йилга бориб бундай мамлакатларнинг умумий сони 19 та бўлиши тахмин қилинган ва улар қаторига Саудия Арабистони, Тайван ҳамда Франциянинг Қуёш энергетикаси бозорлари қўшилиши инобатга олинган.

Атом энергетикасидан фарқли ўлароқ, Қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳаси субсидияларга эмас, балки аукционларга асосланган ҳолда ўсмоқда. Қайта тикланадиган энергия манбалари бозори айниқса ривожланаётган мамлакатларда жуда истиқболли кўринмоқда ва улардаги турли лойиҳаларда жами 90 ГВт қувватга мўлжалланган станцияларни барпо қилиш мақсадида тендерлар ўтказилган. Бу ўтган 2018 йилга нисбатан деярли 10 фоизга кўп кўрсаткичдир.

Фото: Wood Mackenzie

Айтиш жоизки, Wood Mackenzie келтирган 114,5 ГВт кўрсаткич анчайин эҳтиёткорлик билан олинган рақам кўринади; чунки айнан шундай таҳлилларни юритган бошқа бир ташкилот — Solar Power Europe’нинг ҳисоботида 2019 йил якунига кўра, дунёда жами 128 ГВт Қуёш энергетикаси қувватлари ишга туширилиши келтирилган эди. Бошқа бир консалтинг фирмаси — Energy Trend эса айни кўрсаткични 125 ГВт деб баҳолаган.

Музаффар Қосимов