Россия бош вазири Дмитрий Медведев «Қирғизистон 21-асрда инқилоб ўтказиш лимитини тугатди», деган фикрда. «Коммерсант»нинг ёзишича, бу ҳақда у Қирғизистонга келганида собиқ президент Алмазбек Атамбаев қароргоҳига қилинган ҳужум ва ундан кейин юзага келган унинг тарафдорлари ва махсус кучлар тўқнашувига муносабат билдирганида айтган.

Фото: «RG.ru»

«Бундай вазиятлар мамлакатда сиёсий ва иқтисодий беқарорликка олиб келадиган бўлса, бу мамлакатда яшайдиган кўплаб одамлар учун жиддий зарба бўлади. Шу жумладан, ҳатто бизнинг Евросиё лойиҳамизга ҳам салбий таъсир кўрсатади», — деган у 9 августда Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтадиган Чўпонотада.

Эслатиб ўтамиз, 7 август куни кучишлатар тузилмалар коррупцияда айбланган Алмазбек Атамбаевни қўлга олишга уринган. Аммо бу уринишлар унинг тарафдорлари билан тўқнашувга айланиб кетган. Юзлаб намойишчилар Атамбаев қароргоҳини айланма шаклда қуршаб олиб, мудофаа қилган ва махсус кучларга қарата тош отган.

Тўқнашув оқибатида 52 киши жабрланган, 1 нафар махсус кучлар ходими ҳалок бўлган. Атамбаев 8 август куни ўзи кучишлатар тузилмалар ходимларига таслим бўлди.