Ўзбекистон Марказий банки илк марта бир ҳафта ичида иккинчи марта расмий курс белгилади. Доллар курси кескин ошди. Марказий банкнинг изоҳлашича, ушбу ҳолатнинг шаклланишига қатор ташқи ва ички омиллар таъсир кўрсатди.

Фото: Марказий банк

Жорий йилнинг июль ойи иккинчи ярмидан бошлаб, айниқса сўнгги ҳафтада ички валюта бозорида хорижий валютанинг миллий валютага нисбатан курси ўсиш суръатларининг тезлашиши кузатилди, дейилади хабарда.

Марказий банк изоҳида курс ошишига сабаб бўлган ташқи ва ички омиллар санаб ўтилади:

Ташқи омиллар. Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкор давлатлари (Россия, Қозоғистон ва Хитой) миллий валюталари алмашув курсининг қадрсизланиш тенденцияси кузатилмоқда ва бу, ўз навбатида, ички валюта бозоримиз иштирокчиларининг алмашув курси бўйича кутилмалари ва қарорлар қабул қилиш жараёнига маълум даражада таъсир кўрсатмоқда.

Ички омиллар, асосан, импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютага бўлган талабнинг ўсиб бориши билан боғлиқ.

Ички валюта бозорида талаб ва таклиф ҳажмлари маълум бир даражада барқарор шаклланган даврда, Марказий банкнинг интервенсиялари ишлаб чиқарувчилардан монетар олтинни сотиб олиш натижасида ҳосил бўлган қўшимча ликвидликни стерилизация қилиш билан биргаликда, валюта курсини қисқа муддатли тебранишларини пасайтирувчи инструмент сифатида қўлланиб келинади.

Шунингдек, ички валюта бозорида юзага келган жорий ҳолатни инобатга олиб, Марказий банк интервенсияларни амалга оширишда валюта курси кунлик тебранишининг кенгайтирилган коридорини қўллаш механизмига ўтмоқда.

Марказий банк алмашув курсининг валюта бозорида юзага келган жорий ҳолатга қисқа муддатли курс тебранишларнинг давом этиши ҳамда кейинчалик фундаментал трендига қайтиши ҳисобига катта бўлмаган ўзгаришлар билан мослашиб олиши мумкинлигини билдиради.